Ассоциация тўғрисидаги битим Украина Олий Радаси билан бир вақтда Европарламент томонидан ҳам ратификация қилинди. Халқ депутатлари Украина Президенти Пётр Порошенко томонидан таклиф этилган бир томондан Украина, иккинчи томондан Европа Иттифоқи ва Атом энергияси бўйича Европа бирлашмаси ҳамда унинг аъзо давлатлари билан ассоциация тузиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда Korrespondent.net хабар бермоқда.
Мазкур қарорни камида 226 овоз лозим бўлган ҳолатда 355 депутат қўллади. Ассоциация тўғрисидаги битим тарихда илк бор кузатилаётган ҳолатда, яъни бир вақтда ҳам Украина, ҳам Европа парламентларида ратификация қилинди.
Пётр Порошенко овоз бериш жараёнидан аввал Олий Рада трибунасидан туриб, «Европа интеграцияси бизнинг миллий ғоямизга айланди. Бугунги синхрон ратификация нафақат Украина, балки бирлашган Европанинг ҳам байрами бўлади. Негаки, бирлашган Европа Украинасиз мавжуд эмас. Мен мазкур залда шошилинч тарзда қонунни ратификация қиламан ва ҳукуматга эртага, илк дақиқаларданоқ битим режасини амалга ошириш ва ҳаётга татбиқ этиш вазфиасини юклайман», — деб қайд этди.
Эслатиб ўтамиз, Украина ва Евроиттифоқ очиқ савдо зонаси ташкил этишни кўзда тутувчи Ассоциация тўғрисидаги битимнинг иқтисодий қисмини 27 июнь куни Брюсселда имзолаган.
Изоҳ (0)