Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров қисқа метражли «Сеҳрли тароқ» («Волшебный гребень») бадиий фильмида бош ролни ижро этди. Бу ҳақда Қодировнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифасида қолдирган ахборотига таяниб, ИТАР-ТАСС хабар бермоқда.
«Муаллифлар ва буюк актёрлар, Россия ва Чеченистон Республикасида хизмат кўрсатган ва халқ артистлари Дагун Омаев, Зулай Багалова, Абдулмутелип Давлетмирзаев, Ҳамид Азаев, Мовсар Атаев, Успа Зубайрева менга бош ролни ишониб топширди. Ўнлаб совет ва Россия фильмларида рол ижро этган афсонавий одамлар билан бирга суратга олиш майдонида бўлиш мен учун катта шараф», — деб таъкидлади Рамзан Қодиров.
Чеченистон раҳбари фильм илиқ кутиб олингани, ижобий фикрлар билдирилаётганини айтиб, танқидчиларга ҳам миннатдорлик билдирди.
Унинг сўзларига кўра, кинофильм қисқа муддатда битта камера ёрдамида деярли ҳеч қандай молиявий харажатларсиз суратга олинган.
Рамзан Қодиров сценарий муаллифи Муса Аҳмадов, режиссёр Хава Аҳмадова, оператор Зелемхан Гакаев ва қатор актёрларга миннатдорчилик билдирди.
«Фильмдаги муҳим роллардан бирини ижро этган ёш артист Ҳусайн Исхановга алоҳида ташаккур айтаман. Бу тажриба унга тарихий мавзудаги янги фильмлар устида иш олиб боришда асқотишига ишонаман», — деб қайд этди Чеченистон президенти.
Изоҳ (0)