2014 йил 11 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Марказий сайлов комиссияси йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов бўйича сайлов кампанияси шу йил 15 сентябрдан бошланишини эълон қилиш ҳақида қарор қабул қилинди.
Сайлов кампанияси бошланиши эълон қилиниши муносабати билан Ўзбекистон ва хорижий журналистлар учун брифинг ўтказилиб, унда Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзоулуғбек Абдусаломов «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов бўйича сайлов кампанияси бошланишини эълон қилиш тўғрисида» қабул қилинган қарор ҳақида маълумот берди ва ушбу қарорда кўзда тутилган асосий тадбирлар хусусида батафсил сўз юритди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар режаси ҳам эълон қилинди.
Брифинг иштирокчилари сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги янгиликлар, бўлажак сайловларни ўтказиш бўйича тайёргарлик даврида амалга оширилаётган ишлар билан таништирилди.
Унда, шунингдек, бугунги кунда Ўзбекистонда эркин, адолатли ва демократик сайловларни очиқлик, ошкоралик ва транспарентлик руҳида ўтказиш учун барча зарур ҳуқуқий асослар мавжудлиги қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддаси иккинчи қисми ва «Давлат ҳокимияти вакиллик органларига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг навбатдаги сайлови тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунининг 1-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, вилоят, туман ва шаҳар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов 2014 йилнинг декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбаси — 21 декабрда ўтказилади.
Изоҳ (0)