Россия президенти Владимир Путин Украина ҳукуматини мамлакатнинг жануби-шарқини сиёсий ташкиллаштириш бўйича музокараларни бошлашга чақирди. Бу ҳақда Путиннинг «Воскресное время» телекўрсатуви учун берган интервьюсига таяниб, Euronews хабар бермоқда.
«Зудлик билан самара берадиган музокараларни бошлаш керак. Музокаралар техник масалаларга эмас, Украина жануби-шарқидаги аҳолининг манфаатларини қонун билан таъминлаш мақсадида у ердаги жамият ва давлатни сиёсий ташкиллаштиришга бағишланган бўлиши керак», — деди Путин.
РФ раҳбарининг матбуот котиби Дмитрий Песков бу ерда гап Новороссияга давлат мақомини бериш ҳақида эмас, Украинанинг ўзида барча масалаларни қамраб оладиган музокаралар олиб бориш тўғрисида кетаётганлигини айтди.
Ўз навбатида, Владимир Путин Пётр Порошенко билан Минскда бўлиб ўтган учрашуви ҳақида айтар экан, Порошенкони «музокара олиб бориш мумкин бўлган ҳамкор» деб атади.
Шанба куни Европа Иттифоқи саммити доирасида Литва президенти Даля Грибаускайте Россиянинг Украинага нисбатан юритаётган сиёсатини танқид остига олди. «Ўйлашимча, вазият кескинлашмоқда. Россия очиқчасига ва тўғридан-тўғри Украинага қарши уруш ҳолатида турибди. Яъни Россия Европага яқинлашиш ниятида бўлган давлатларга қарши урушмоқда. Бундан эса РФнинг Европага қарши уруш ҳолатида тургани ҳақида хулоса қилиш мумкин», — дейди Литва раҳбари.
Евроиттифоқнинг Брюсселдаги саммитида Россияга қарши янги санкциялар ҳақидаги қарор келгуси ҳафтада эълон қилиниши маълум қилинди.
Изоҳ (0)