Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев «Хабар» телеканалига берган интервьюсида агар Қозоғистон манфаатларига зарар етказилса, унинг Евросиё иқтисодий иттифоқидан воз кечиш ҳуқуқига эга эканлигини маълум қилди. Бу ҳақда Tengri News’га таяниб, iPress.ua хабар бермоқда.
«Агар шартномада белгиланган қоидаларга риоя қилинмаса, Қозоғистон Евросиё иқтисодий иттифоқидан воз кечиш ҳуқуқига эга. Мен бу ҳақда аввал ҳам айтганман ва буни яна такрорлайман», — деди Назарбоев.
Шунингдек, у Қозоғистоннинг мамлакат мустақиллигига хавф соладиган ташкилотлар аъзоси бўлмаслигини айтиб ўтди. «Биринчидан, биз ҳеч қачон мустақиллигимизни бой бериб қўймаймиз. Иккинчидан, биз уни ҳимоялаш учун қўлимиздан келадиган барча ишни қиламиз», — деди президент.
Эслатиб ўтамиз, Россия Президенти «Селигер» ёшлар форумида Нурсултон Нзарбоевни «ғаройиб ишни амалга ошириб, шу пайтгача давлат бўлмаган ҳудудда давлат тузган»ини айтиб ўтган эди.
26 август куни Қозоғистон президенти Украинадаги вазиятни тартибга солиш учун Украина раҳбари Пётр Порошенконинг Россия президенти Владимир Путин билан музокарага бевосита киришиши тарафдори эканини маълум қилиб, Украинанинг шарқий туманларини гуманитар ёрдам билан таъминлашга тайёрлигини айтган эди.
Изоҳ (0)