Тошкентдаги Мегапланет савдо маркази яқинидаги чорраҳада 51-рақамли Mercedes Benz автобуси ҳалокатга учради, деб хабар бермоқда Facebook’даги «Водители Ташкента» («Тошкент ҳайдовчилари») гуруҳи аъзолари.
Воқеа 29 август, жума куни кечки пайт содир бўлган. «Тахминларга кўра, ҳайдовчи автобус бошқариш чоғида ухлаб қолган», — деб ёзади пост муаллифи. Шундан сўнг автобус симёғочга урилган. Натижада симёғоч ҳам, унинг ёнидаги дарахт ҳам қулаб тушган.
Автобус ичида йўловчилар бўлмаган, бироқ ҳайдовчи ва кондукторга зиён етган, дейилади Facebook'даги постда. «Гувоҳларнинг сўзларига кўра, кондуктор олд ойнадан отилиб кетган», — дея аниқлик киритди фойдаланувчи.
Шунингдек Matiz автомобили дарахт остида қолиб кетиб, зарар кўрган.
Постга фикр билдирганлар автобус ҳайдовчисига танқид тошларини ёғдирган. Фойдаланувчилардан бири ҳалокат акс этган мана шу суратларни бошқаларга ҳам дарс бўлиши учун автобуснинг олд ойнасига ёпиштириб қўйиш кераклигини таъкидлаган.
Йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан расмий маълумот берилмаган.
Изоҳ (0)