Миржалол Қосимов билан уюштирилган суҳбатнинг иккинчи қисмини эътиборингизга ҳавола қиламиз. Кейинроқ тақдим этиладиган интервьюнинг учинчи қисми эса мухлислар саволларига олинадиган жавоблардан иборат бўлади, деб хабар берди Uff.uz.
«Футболнинг олтин қоидаси
Футболчи ўзи учун шу йўлни танладими, хаёлини бошқа нарсалар билан чалғитиши керак эмас. Майдонга фақат ғалабани кўзлаб тушиш керак. У қандай савиядаги ўйин, қай даражадаги мусобақа бўлишидан қатъий назар. Ҳар бир ғалабанинг ўзига яраша қадри бор. Биз майдонга тушиб, футбол ўйнаган пайтимизда қандай мукофот берилиши ҳақида ўйламаганмиз. Бор фикр-у хаёлимиз фақат ўйинда эди.
Бирор мусобақага келдикми, мақсад — унда ғалаба қозониш, тарихда из қолдириш бўлган. У пайтдаги имконият билан ҳозиргисини таққослаб бўлмайди. Мен ҳозир қўл остимдаги футболчиларга бу ҳақида кўп гапираман. Сени кийиб юрган либосинг Hugo Boss ми ёки Calvin Klein ми — бу мухлисларни қизиқтирмайди. Сени ғалабага бўлган иштиёқинг, майдондаги ўйининг мухлисларнинг ёдида қолади. Тўғри, ёшликда шўхлик, шунга ўхшаш нарсалар бўлади. Бундай пайтларда биз мураббийлар уларга тўғри йўл кўрсатишимиз зарур.
Футболда кўп нарса унга бўлган муносабатга боғлиқ. Агар юракдан чиқариб ўйнасанг, майдонда борингни бериб ҳаракат қилсанг, ўйининг ҳам ўхшайди, омадинг ҳам келади. Ҳеч қачон эришилган натижада тўхтаб қолиш керак эмас. Футболнинг олтин қоидаси бор: Унга қандай ёндошсанг, у ҳам сенга шундай муносабатда бўлади. Яна бир муҳим омиллардан бири шуки, йиқилгандан сўнг, қайта туришни ҳам билиш керак. Буни тўғри маънода ҳам, кўчма маънода ҳам қабул қилса бўлади. Яъни, жароҳатлар, ғалаба ва аламли мағлубиятлар футболнинг бир қисми бўлиб, унга доимо тайёр туриш керак.
Валерий Газзаевнинг ўгити
Майдонга тушгандан кейин чин дилдан ўйнаш керак. 90 дақиқани муносиб тарзда ўтказиш зарур. Футбол — жамоавий ўйин. Барча футболчилар бир жамоа бўлиб бирлашишлари керак.
‘Алания’да ўйнаб юрганимизда, Валерий Газзаев бизга бир нарсани кўп гапирарди: ‘Майдонга тушганингдан кейин, 90 дақиқани шу ерда ўтказишга мажбурсан. Қандай ўтказиш эса ўзингга боғлиқ. Агар ғалаба қозонсанг, биринчидан, мухлислардан олқиш эшитасан. Иккинчидан, уч очкони қўлга киритасан. Учинчидан эса, шунга яраша мукофот пули ҳам оласан. Хоҳласанг, бошқа йўл ҳам бор. Майдонда кўзбўямачилик қилиб, 90 дақиқани амаллаб ўтказиб олишинг ҳам мумкин. Бунда ўйинни бой берасан. Уч очкодан маҳрум бўласан. Камига мухлислардан сўкиш эшитасан. Ўзинг танла!’
Мана шу гаплар бир умрга менинг юрагимда қолган. Ҳар гал майдонга чиққанимда шуларни эслардим. Ҳозир ҳам шогирдларимга Газзаевнинг ана шу ўгитини кўп эслатиб тураман.
Осиё ўйинлари — 2014 ҳақида
Осиё ўйинларида гуруҳимизга нисбатан осон рақиблар тушди (Гонконг, Бангладеш, Афғонистон — таҳр. изоҳ.). Тўғри, ҳеч қачон рақибларга паст назар билан қараш керак эмас. Қайси жамоа бўлишидан қатъий назар, ҳурмат билан муносабатда бўлиш керак. Бунга яқинда бўлиб ўтган ‘Бунёдкор’ — ‘Динамо’ ўйини яққол мисол бўла олади. Ўйиндан олдин ‘Бунёдкор’ футболчилари осонлик билан ғалабага эришишларини кўпчилик айтганди. Натижа қандай бўлганини ҳамма кўрди. Яна бир мисол: Гонконг термасига қарши ўз майдонимизда кечган ўйинда ҳам барча футболчилар ғалаба нақд деб ўйлаган эди.
Аммо ундай бўлиб чиқмади. Бундай кайфиятнинг яна бир салбий томони шундаки, осон деб ўйланган баҳсда рақибга тезкор гол урилмаса, вақт ўтган сари шошқалоқлик бошланади ва хатолар кўпаяди. Натижада ўйин услуби бузилади. Шундай экан, биз ҳам Осиё ўйинларидаги рақибларимизга ҳурмат билан муносабатда бўламиз. Аммо фақат ғалаба учун ўйнаймиз. Яна бир омил — Бангладеш, Афғонистон, Гонконг каби термалар билан баҳслар орқали биз ўйинимизни кучайтириб боришимиз ва шу орқали мусобақа ғолиблиги учун даъвогарлардан бири бўлишимиз керак.
Ҳужумчи муаммоси
Ҳужумчи муаммоси авваллари Ўзбекистон терма жамоасида йўқ эди. Игор Шквирин, Максим Шацких ва яна бир қатор яхши ҳужумчиларимиз бўлган. Уларни мухлислар яхши билади. Улар ноодатий қарори билан дарвозабон ва ҳимоячиларни шошириб қўярди. Ҳозир ҳам яхши ҳужумчилар бор. Лекин уларнинг ўйин услуби бошқачароқ. Яъни улар рақиб ҳимоячиларини ўзларига жалб этишга ва шу орқали бошқа жамоадош ярим ҳимоячиларга бўшлиқ яратиб беришга мослашган. Бир ўзи ўйин тақдирини ҳал эта оладиган ҳужумчилар деярли йўқ. Яқин-яқинга келиб, гол урадиган ҳужумчилар муаммоси пайдо бўлди.
Ҳаммаси футболчининг ёшлигидан бошланади. Масалан, мактабда 1-синфда қанақа ёзишни ўргатишса, бола бутун умр шундай ёзишга ўрганади. Футболда ҳам худди шундай. Ҳозир бизда бирга-бир вазиятда дарвозабонни алдаб ўтиб, гол урадиган ҳужумчилар кам. Ким бор? Сардор Рашидовнинг техникаси, дриблингги яхши. Уни ҳам ҳужумчи деб ҳисобласак бўлади. Аммо унга рақибини алдаб ўтиш учун кўпроқ жой керак. Ўйин пайтида ҳар доим ҳам бўш ҳудуд бўлавермаслиги мумкин.
Терма жамоадаги ёшлар ҳақида
Терма жамоага таклиф қилинган янги ёш футболчилар ўзларини яхши томонлама кўрсатмоқда. Шаҳзод Нурматовда ҳам ўша юқорида айтганимдек, ноодатий қарор қабул қилиш хусусияти бор. Олий лига ўйинларида ‘Металлург’ сафида яхши ҳаракат қиляпти. Ёки ‘Қизилқум’дан таклиф қилинган Наврўз Алимовни олайлик. Наврўзда ҳужумчи учун керак бўладиган барча жиҳатлар бор. Бўй, гавда, техника, жой танлаш... Аммо футболчи сифатида ўсиши учун улар ўз устида кўпроқ ишлаши керак. Кўп нарса ўзининг ҳаракатларига боғлиқ. Мен терма жамоага номзод футболчиларни доимий равишда кузатиб бораман. Зарур бўлганида алоҳида суҳбатлашаман.
Умуман олганда, ёш футболчиларнинг нафақат майдонда, балки унинг ташқарисидаги муҳит, шунингдек, интизомини ҳам назорат қилиб бориш керак. Агар хулқида, ўзини тутишида ўзгариш пайдо бўлса, бу майдондаги ўйинига ҳам таъсир кўрсатади.
Бирни кўриб, фикр қил...
Эскиларнинг бир гапи бор: ‘Бирни кўриб, фикр қил, бирни кўриб, шукр қил’. Шунчалик тинч, осуда юртда яшаётганимга шукр қиламан. Нотинчлик бўлиб турса, кўнгилга футбол сиғадими?
Шу сабабли мана шундай кунларга етказгани учун Худога беҳисоб шукр айтаман. Тинчлик бор экан, қолган ҳаммаси бўлади.
Терма жамоа жаҳон чемпионатига чиқа олмаганда ўзимдан ўтганини ўзим биламан. Ўшанда терма жамоадан кетишга қаттиқ аҳд қилган эдим. Мен терма жамоани жаҳон чемпионатига олиб чиқа олмадим, буни тан оламан. Шу сабабли ҳам кетишга қарор қилдим. Мен эплай олмадимми, демак бошқаларга уриниб кўриш учун имкон беришим керак эди. Аммо ЎФФ истеъфомни қабул қилмади. Терма жамоада қолишни сўрашди. Демак, ишлашимиз керак. Ишлаганда ҳам илгариги хатолардан хулоса чиқариб, астойдил ишлаш керак.
Уммонга қарши кечган ўртоқлик ўйинлари бизнинг хатоларимизни янада яққолроқ кўрсатиб берди. Лекин бунинг ўзига хос сабаблари ҳам бор. Биз жамоа ўзагини аниқлаб олиш учун кенгайтирилган таркиб билан майдонга тушдик. Барча йиғилганларга имконият берилиши талаб этиларди. Шу боисдан ҳам жамоавий ўйинда хатоликлар содир бўлди. Уларни тўғрилашга интилмоқдамиз. Шунингдек, Озарбайжонга қарши кечган ўйиндан ҳам кўнглим тўлмади. Тўғри, ҳимоя яхши ўйнади, аммо ҳужумдаги хатолар кўриниб турибди. Сентябрь ойида яна иккита ўртоқлик ўйини ўтказамиз ва ўйинимизни янада шакллантиришга интиламиз. Насиб қилса, Инчхонда бўладиган Осиё ўйинларида мухлислар шаклланган ўйинларимизни кўради.
Мен терма жамоага неча маротаба чақирилган бўлсам, ҳар сафар ўйлаб ўтирмай рози бўлганман. Чунки Ватан ва Ота-она сингари, терма жамоа ҳам танланмайди. Шу ерда керак эканман, демак, бор кучим билан ишлашим керак. Тўғри, мен мухлислар орзусини рўёбга чиқара олмадим. Аммо ҳеч ким мени ишламаганликда, жон куйдирмаганликда айблай олмайди. Мен терма жамоа учун боримни беришга тайёрман. Агар эртага ўрнимга бошқа мураббий тайинланса ҳам, бажонидил унга ўз ўрнимни бўшатишга ва қўлимдан келган барча ёрдамни беришга тайёрман. Мен бир умр мана шу терма жамоа жонкуяри, мухлиси бўлиб қоламан».
Изоҳ (0)