Россиянинг Челябинск шаҳрида дзюдо бўйича жаҳон чемпионати давом этмоқда. 27 август куни 73 килограмм вазн тоифасида баҳслар бўлиб ўтди. Ушбу вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Мирали Шарипов учинчи баҳсида мағлубият аламини тотиб кўрди. Уни словакиялик Рок Драксич мағлубиятга учратди. Бу ҳақда «Olamsport» хабар бермоқда.
Шарипов дастлаб Янги Зеландия вакили Ли Калдерни 58 сония ичида мағлуб этди. Кейин яманлик Зияд Матерни бир дақиқа-ю 14 сония ичида енгди. Аммо учинчи баҳсининг 2-дақиқа 33-сонияси ўтиб бораётган паллада мағлубиятини тан олди.
Драксич эса ўз ўрнида қозоғистонлик Ертуган Тореновга йўлни бўшатиб берди. Акс ҳолда Мирали Шарипов ўтиш турнири орқали медалларга даъвогарлик қилиши мумкин эди.
Эслатиб ўтамиз, 31 августга қадар давом этадиган чемпионатда шахсий ҳисобда 14 та, жамоавий йўналишда иккита медаллар жамланмаси ўйналади. Йилнинг нуфузли мусобақасида 110 давлатдан 388 нафар эркак, 251 аёл дзюдочи иштирок этяпти.
Изоҳ (0)