26 август куни Россиянинг Челябинск шаҳрида дзюдо бўйича жаҳон чемпионати бошланди. Мусобақанинг илк кунида эркаклар икки (60 ва 66 кг), аёллар икки (48 ва 52 кг) вазн тоифасида баҳсларда иштирок этди. Бу ҳақда Stadion.uz хабар бермоқда.
Лондон олимпиадасидан кейин 66 килограмм вазн тоифасига ўтган Ришод Собиров турнирни ёмон бошламади. У дастлабки босқичда германиялик Рене Шнейдерни «вазари» баҳоси билан мағлуб этди. Иккинчи босқичда эса Ришод сербиялик Сигановичга қарши татамига чиқди ва баҳс тугашига икки сония қолганида рақибининг курагини ерга текказди — «иппон».
Учинчи босқичда Ришодга ушбу вазн тоифасида биринчи рақамли рейтингга эга бўлиб турган Чарльз Чибана рақиблик қилди. Беллашув тугашига 26 сония қолганида Собиров услуб қўллаб, «иппон» баҳосига эга бўлди ва чорак финалга чиқди.
Чорак финалда эса франциялик Лоик Корваль ўзбекистонлик спортчига ҳеч қандай имконият қолдирмади. Европалик дзюдочи икки дақиқада ғалабани расмийлаштирди.
Натижада Ришод Собиров бронза медаль учун саралаш баҳсларда иштирок этадиган бўлди. Куннинг иккинчи ярмида ўтказилган баҳсда унга украиналик Георгий Зантарая рақиб бўлди. Жангнинг асосий вақтида ҳисоб очилмади. Қўшимча бўлимда эса «вазари» ишлаган Украина дзюдочиси бронза медаль учун курашиш имкониятини қўлга киритди. Ришод Собиров эса 7-ўринни банд этди ва маълум рейтинг очколарига эга бўлди.
Мусобақаларнинг биринчи куни вазни 60 килограммгача бўлган спортчилар ўртасидаги беллашувларда ўзбекистонлик спортчи Диёрбек Ўрозбоев совриндорлар сафидан ўрин олмади. Диёрбек дастлабки беллашувда Бразилия, иккинчи босқичда эса Эквадор вакилини мағлуб этиб, учинчи беллашувда қозоғистонлик спортчига имкониятни бой берди.
Аёллар ўртасида вазни 48 килограммгача бўлган спортчилар мусобақасида татамига чиққан Ўзбекистон дзюдочиси Муқаддас Кубеева биринчи беллашувда Непал вакилини мағлуб этиб, иккинчи учрашувда украиналик спортчига имкониятни бой берди.
Қуйида қолган вазн тоифаларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларининг дастлабки рақиблари берилган:
Эркаклар:
73 килограмм. Мирали Шарипов — Ли Голдер (Янги Зеландия)73 килограмм. Сарвар Шомуродов — Қосим Популов (Туркманистон)81 килограмм. Шаҳзод Собиров — Герман Аяла (Мексика)81 килограмм. Шуҳратжон Арслонов — Фортер Валоис (Канада)90 килограмм. Шерали Жўраев — Нурали Ялкаров (Туркманистон)100 килограмм. Соиб Қурбонов — Л.Бойякуб (Жазоир)+100 килограмм. Абдулла Тангриев — Борко Бор (Венгрия)
Хотин-қизлар:
70 килограмм. Гулноза Матниёзова — Иляна Марзок (Германия)
Изоҳ (0)