Лос-Анжелесдаги Калифорния университети олимлари яратилаётган гаджетлар болаларни бошқа одамларнинг ҳиссиётларини сезишдан маҳрум қилаётганини аниқлади. Бу ҳақда Tech Times’га таяниб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
Тадқиқот муаллифи Патриция Гринфилд «Барча инсон ҳиссиётларини сезиш — табиий қобилият деб ҳисоблайди. Бироқ унинг устида ҳам доимий равишда иш олиб бориш керак», — деб қайд этди.
Патриция олиб борган тадқиқотда иштирок этган 51 нафар бола табиатга олиб чиқилиб, икки гуруҳга ажратилди. Биринчи гуруҳ болакайларига исталган гаджетдан фойдаланишга рухсат берилган бўлса, иккинчисидагиларга тақиқлаб қўйилди. Бир неча кундан сўнг олимлар тест ўтказиб, болаларга расм ва видеороликлардаги ҳиссиётларни аниқлаш вазифасини топширди. Гаджетлардан фойдаланмаган гуруҳ болакайлари вазифани яхши бажарди. Иккинчи гуруҳдаги болалар эса бошқаларнинг ҳиссиётларини қабул қилишга қийналди.
Тадқиқот шуни кўрсатдики, камида беш кун телефон, компьютер ва телевизордан фойдаланмаган боланинг ижтимоий қобилиятлари ривожланади.
Олимлардан бири: «Агар сиз ҳаётда ‘тирик суҳбат’ қурмасангиз, тез орада инсоният учун энг муҳим бўлган ижтимоий қобилиятлардан маҳрум бўласиз», — деб таъкидлади.
Изоҳ (0)