Ўзбекистонлик блоггерлардан бири Бахтиёр Тоштемиров Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига таклиф билан мурожаат қилди. Таклиф Uff.uz’нинг блоглар учун ажратилган махсус саҳифасида эълон қилинди.
Бир неча кун аввал Uff.uz сайтига жойланган футбол ишқибозининг мактубини ўқиган Бахтиёр Тоштемиров мухлиснинг «дарди»дан келиб чиқиб, «Спорт» телеканалининг миллионлаб мухлисларни «касал» қилиб қўйганига яна бир бор амин бўлганини қайд этди.
Бахтиёр: «Мақолада келтирилган мухлиснинг таклифи 100 фоиз ўринли. ‘Спорт’ канали Европа футболини намойиш этмаса, шаҳарлик ишқибозлар учун муаммога айланмаслиги табиий. Улар кабел орқали дунёнинг исталган қисмидаги футбол ўйинларини муаммосиз томоша қилишлари мумкин. Аммо мамлакатимизда аҳолининг кўп қисми қишлоқ жойларида яшашини ҳисобга оладиган бўлсак, у ердаги миллионлаб мухлислар учун бундай ҳолат ҳақиқатданам ачинарли. Шундай экан, бу муаммони зудлик билан ҳал этишга ҳаракат қилишимиз керак. Олдинги мақола муаллифининг таклифи жуда яхши, лекин буни амалга ошириш бироз мураккаб. Сабабларини эса ўзингиз жуда яхши биласиз.
Мени ҳам ЎзМТРК учун махсус таклифим бор. Бу таклифим бугунги гап эмас, бу ҳақда аввал ҳам кўп гапирганман. Қисқаси, футбол ишқибозлари учун алоҳида телеканал очилса ва дунё футболидаги барча йирик чемпионатлар эфирга узатилса. Шу ўринда трансляция учун маблағ масаласи пайдо бўлиши, табиий. Бу саволга оддий ва содда қилиб жавоб бериш мумкин. Дунёда миллиардлаб маблағ келтириши мумкин бўлган бизнес тури бор. Ҳа топдингиз, бу — реклама. Келинг, биз ҳам рекламадан фойдаланамиз. Бу нарсадан каттагина даромад топиш мумкинлиги ҳеч кимга сир эмас.
Агар биз хоҳлаган ‘Футбол’ телеканали иш бошласа, унинг барча харажатларини намойиш этиладиган рекламалар орқали қоплашнинг имкони бўлса керак, албатта. Биз учун 24 соат футбол намойиш этишлари шарт эмас, кун давомида 10—12 соат футбол намойиш қилиниб (тахминан 5—6 та ўйинга тўғри келади), эфирнинг қолган қисмида фақат тижорат кўрсатувлари ёки реклама узатилса ҳам, майли. Бу телеканални юртимиздаги миллионлаб мухлислар томоша қилишини ҳисобга олсак, каналдаги рекламалар 100 фоиз фойда келтиришига ишониш мумкин. Қолаверса, ушбу телеканал Ўзбекистондаги энг оммабоп ва машҳур телеканал бўлиши аниқ,» — дер экан, «Чиқмаган жондан умид» эканлигини айтиб фикрини якунлаган.
Изоҳ (0)