Тошкент шаҳрининг Ҳамза тумани номини ўзгартириш вақти етиб келгани ҳақида фикр-мулоҳазалар янграмоқда. Хусусан, педагогика фанлари доктори, профессор Муҳаммаджон Қуроновнинг «Халқ сўзи» газетасининг 2014 йил 23 август сонида чоп этилган мақоласида таъкидланишича, Тошкентда жойларга ном беришда шошма-шошарликка берилмасдан, чуқур ўйлаб, халқ билан фикрлашиб, босқичма-босқич иш олиб борилмоқда, деб хабар берди «Кун».
Муҳаммаджон Қуронов 1968 йилнинг 31 январида Куйбишев ва Ленин районларини ихчамлаштириш ҳисобидан Тошкент шаҳри таркибида Ҳамза райони тузилганини ҳамда бундай қарор қабул қилишда тарихий, ижтимоий-маънавий омиллар мутлақо эътиборга олинмаганлигини қайд этади. «Фақат битта мезон — ҳукмрон мафкура ғояларини сингдиришда қўл келадиган омил — ‘инқилоб куйчиси’ деган сохта қиёфа ҳисобга олинган, холос», — дейди у.
Хабар беришларича, пойтахтнинг улкан ҳудудини эгаллаган, 200 мингдан зиёд аҳоли яшаб, меҳнат қилаётган Ҳамза тумани номини ўзгартириш масаласи кун тартибида турибди. Ҳозирги вақтда ушбу тумандаги маҳаллалар аҳолиси, зиёлилардан бу борада қатор таклифлар келиб тушган, улар орасида туманнинг янги номи борасидаги таклифлар ҳам бор.
«Бу бир инсоннинг хоҳиш-иродаси билан бўладиган иш эмас, бунинг ўзига хос расмий жараёни бор, хусусан, бу таклифлар ҳали Олий Мажлисга тақдим этилмаган. Ҳозирги вақтда ушбу таклифлар фақат ўрганиб чиқилмоқда, улар орасида Яшнобод варианти ҳам бор, лекин бу ҳали расман ҳужжат даражасида тасдиқланмаган», – дея маълумот берилди Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматида.
Изоҳ (0)