ЎФФ Президенти Мираброр Усмонов 23 август куни Чиғатойдаги ўқув-машғулот базасида Таиланд мамлакатида ташкил этиладиган U-16 ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатига сафарга отланаётган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ва мураббийлар штаби билан учрашди. Бу ҳақда Stadion.uz хабар бермоқда.
Учрашув чоғида ЎФФ Президенти терма жамоа аъзоларига омад тилади. ЎФФ Терма жамоалар маркази директори Асқар Толибжонов ҳам Ўзбекистон U-16 ўсмирлар терма жамоасининг Осиё Чемпионатида муносиб иштирок этишига тилак билдирди. У бу борада ЎФФ раҳбарияти терма жамоа аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Учрашувда, шунингдек, терма жамоа футболчиларининг оила аъзолари ва яқинлари иштирок этди.
Ўзбекистон U-16 ўсмирлар терма жамоаси Осиё Чемпионати олдидан ўзининг якуний йиғинини ўтказиш учун 24 август куни Малайзияга жўнаб кетади. Мазкур йиғин давомида ўзбекистонлик футболчилар 26 ва 28 август кунлари Малайзия U-16 термасига қарши иккита ўртоқлик ўйинида майдонга тушади. Малайзиядаги йиғин якунига етгач, терма жамоа Осиё Чемпионатида иштирок этиш учун у ердан тўғри Таиландга йўл олади.
Эслатиб ўтамиз, Таиландда бўлиб ўтадиган U-16 ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати 6—20-сентябр кунлари бўлиб ўтади. Александр Мочинов бош мураббийлигидаги Ўзбекистон U-16 терма жамоаси мусобақанинг гуруҳ босқичида Непал, Қувайт ва КХДР ўсмирлар термасига қарши ўйнайди.
Изоҳ (0)