27 август куни Тошкент шаҳридаги City Palace меҳмонхонасининг ёзги майдонида «Озод юрт тўлқинлари» анъанавий VII медиа-фестивал бўлиб ўтади. Тадбирда Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси аъзолари бўлган нодавлат теле- ва радиостанциялар раҳбар ва ходимлари, ёш мухбирлар, шунингдек, вазирликлар, қўмиталар, жамоат ва халқаро ташкилотлар, чет эл давлатларининг Ўзбекистондаги дипломатлари иштирок этади. Бу ҳақда UzDaily.uz хабар бермоқда.
Медиа-фестивал ғолиблари уч йўналиш бўйича овоз бериш йўли билан аниқланади:
- Ўзбекистон мустақиллигининг 23 йиллигига бағишланган «Менинг юртим» номинацияси;
- «Соғлом бола йили»га бағишланган «Энг яхши медиа-маҳсулот» номинацияси;
- «Ёшлар ҳаётини ёритган энг яхши медиа-маҳсулот» номинацияси.
Овоз бериш жараёни махсус дастур ёрдамида онлайн тарзида амалга оширилади.
Танлов ғолибларига «Озод юрт тўлқинлари» ҳайкалчалари, диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилади.
«Озод юрт тўлқинлари» мукофоти билан нодавлат электрон ОАВлари, шунингдек, жамиятнинг сиёсий, маданий-маънавий ривожланишига хизмат қилувчи кўрсатув ва радиодастурлар тайёрлашда қатнашган теле- ва радиостанция мухбирлари ҳамда техник ходимлари тақдирланади.
Тадбир доирасида танлов ғолибларига «Мустақил оммавий ахборот воситаларининг фуқаролик жамиятини шакллантириш ва демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёнларини ёритишга, соғлом турмуш тарзини, айниқса, ёшлар ўртасида тарғиб қилишга, аҳолининг ҳуқуқ маданияти ва ўз ҳақ-ҳуқуқини англаш даражасини оширишга қаратилган лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш» бўйича Давлат грантлари сертификати топширилади.
Тадбирнинг расмий қисмини меҳмонларга Андижоннинг энг яхши ошпазлари рецепти асосида тайёрланган андижонча палов якунлаб беради.
Изоҳ (0)