20 август куни Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ёшартирилган таркиби Боку шаҳрида Озарбайжон термасига қарши майдонга тушади. Терма жамоа бош мураббийи Миржалол Қосимов олдига Боку сафари олдидан муҳим вазифа қўйилган. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол федерацияси раҳбариятига яқин манбалардан олинган хабарларга таяниб, Uff.uz маълум қилди.
Унга кўра, Ўзбекистон термаси мағлубиятга учрамаслиги керак. Шу билан бирга, Осиё ўйинларида майдонга тушадиган асосий таркибни шакллантириш лозим бўлади.
Аввалроқ Миржалол Қосимов Озарбайжонга қарши ўйинда иштирок этадиган 20 нафар футболчидан иборат якуний таркибни эълон қилганини хабар берган эдик. Чоршанба куни Озарбайжонга қарши ўйинда мазкур футболчилар орасидан тузилган жанговор таркиб иштирок этади. Яна бешта футболчи захирадан тушиб, ўзини синаб кўриши мумкин.
Мазкур ўйин орқали камчиликларни имкон қадар бартараф этиш ва кейинги ўйинларга тайёргарлик кўриш кўзда тутилган.
Изоҳ (0)