АҚШнинг Миссури штати Фергюсон шаҳрида полиция томонидан қора танли ўсмирнинг отиб ўлдирилиши мамлакатдаги 90 та шаҳарда пайшанба ва жума кунлари эътироз намойишлари ўтказилишига олиб келди. Бу ҳақда Associated Press агентлигига асосланиб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
Полициячилар 10 август куни 18 яшар қора танли ўсмир — Майкл Браунни Фергюсон шаҳрида отиб ўлдирди. Ушбу воқеадан сўнг шаҳарда бир неча кун мобайнида тартибсизликлар кузатилди. Полиция ходимлари оломонни тарқатиш учун кўзни ёшлантирувчи газ ва резина ўқлардан фойдаланди. Натижада шаҳар аҳолисининг бир қанчаси жароҳатланди.
Пайшанба куни кечқурун Фергюсон шаҳри марказига қурбонлар хотирасига бағишлаб ёнган шамларни ушлаган юзлаб одам тўпланди.
Балтимор аҳолиси шаҳар полицияси бош бошқармаси остонасида содир бўлган воқеага нисбатан ўзининг нафратини билдирди. Бир неча минг аҳоли Нью-Йорк кўчаларига ҳам эътироз билан чиқди. Намойиш қатнашчилари марказий кўчалардан қўлларини юқорига кўтарган ҳолда «Қўллар тепага! Отманг!» деган сўзлар билан бақириб ўтди.
Лос-Анжелес, Сан-Диего, Атланта, Сиэтл, Майами, Филадельфия ва Вашингтонда ҳам шунга ўхшаш норозилик акциялари бўлиб ўтди.
Содир бўлган воқеалар ва уларга полициянинг аралашган-аралашмаганлиги ҳақида маълумот берилмади. Аввалроқ, федерал полиция талабларни бажармаган акция иштирокчиларини ҳибсга олишини маълум қилган эди.
Изоҳ (0)