Кеча, 14 август куни «Камолот» ЁИҲ Марказий Кенгаши томонидан ўтказилган «Истиқлол фарзандлари» ёшлар фестивали доирасида дунё рекордчиси Равшан Эрматов билан учрашув бўлиб ўтди. «Бунёдкор» стадионига йиғилган 300 нафарга яқин ёшлар билан учрашиш мақсадида «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби Равшан Эрматов стадионга кириб келди. Бу ҳақда Uff.uz хабар бермоқда.
— Ассалому алайкум, азиз ёшлар! «Истиқлол фарзандлари» ёшлар фестивали иштирокчиси бўлиш менга ҳам катта фахр бахш этади. Муҳтарам Юртбошимизнинг "Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз" деган гапларининг исботини мен ўз ҳаётим давомида топмоқдаман, — деди кириш сўзи билан суҳбатни очиб берган Равшан Эрматов.
Учрашув бошланишидан олдин «Бунёдкор» стадиони мажлислар залида Равшан Эрматов ҳақидаги янги китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Ушбу китобга Эрматов ўз дастхатини қўйиб берди.
Китоблар учрашув қаҳрамонларига совға сифатида тақдим этилди.
«Бунёдкор» стадионида ўтказилган Равшан Эрматов билан учрашув ва мулоқот жуда қизғин тус олди. Саволлар ҳам «Камолот» ЁИҲ сайти, ҳам ижтимоий тармоқлар орқали, ҳам стадионга йиғилганлар томонидан берилди.
Айримларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
— Фаолиятингиз давомидаги ҳозиргача энг ёрқин ва эсда қоларли ўйин қайси?
— Энг эсда қоларли ўйинни ҳеч иккиланмасдан айтишим мумкин. Бу 2010 йилдаги жаҳон чемпионатининг очилиш ўйини. Йоханнесбургда бўлган йиғилишда ҳамманинг олдида французчалаб очилиш ўйинини ким бошқаришини эълон қилишди. Аввалига ҳеч ким ишонмади. Иккинчи марта ўқишди: «Ravshan Irmatov, from Uzbekistan», — деди. Биз адашиб кетди, деб ўйладик. Аслида хурсанд бўлишимиз, қарсаклар янграши керак эди. Лекин учинчи марта эълон қилинганда, ҳеч кимда шубҳа қолмади.
— Агар жароҳат олмаганингизда, Мессидек футболчи бўлармидингиз?
— Йўқ. Бунга жавобим аниқ, чунки Месси ягона, Месси битта. Қолган футболчилар ҳам иқтидорли, лекин улар ўз меҳнати билан эришган, Месси эса туғма истеъдод. Шунинг учун мен Мессидек бўлолмасдим. Лекин Месси билан майдонда кўп мулоқот қилганмиз. Бир-икки қўпол ўйнаганда оғзаки, инглизчалаб огоҳлантирганман. Гапимни тушунмаганми ё яхши гапга ўрганмаганми, охири сариқ карточка берганимдан кейин ўзини босиб олган (кулади).
Учрашувни янада қизиқарли қилиш учун ўзбек блоггерлари майдонга тушди ва Эрматовга қарата ноанъанавий «ҳужум»га ўтди.
Савол: — Саволларимизга тайёрмисиз?Жавоб: — Ҳа.Савол: — Яхши жавоб. Мактабда ҳамманинг лақаби бўлган. Сизники қандай бўлган?Жавоб: — Йўқ, лақабим бўлмаган.Савол: — Malibu қанча бензин ер экан?Жавоб: — 12 литр.Савол: — Иқтисод ҳар нарсадан устун. Ҳаммани қизиқтирадиган савол: Эрматов йилига қанча гонорар олади?Жавоб: — Билмадим, ҳисобламаган эканман.Савол: — Қанақа тушлар кўрасиз?Жавоб: — Эсимда қолмайди.
Шундан сўнг блоггерлар билан дастхат-шоу бошланиб кетди.
Қарийб тўрт соат мобайнида бўлиб ўтган мазкур учрашувда ёшлар кўзларида қувонч билан ФИФА реферисидан дастхат олди, бирга суратга тушди.
Изоҳ (0)