Вилоятдан Тошкентга келган эр-хотин Давроновлар пойтахтда ўғли учун хонадон сотиб олишни истайди. Улар танишларидан бири орқали муаммони ҳал қилишда кўмак берувчи аёл билан танишади ва икки ўртада давлат фойдасига мусодара қилинган хонадонни бозор нархидан арзонроққа харид қилиш мумкинлиги борасида суҳбат бўлиб ўтади. Бу ҳақда Uz24 «На Посту» газетасига таяниб, хабар бермоқда.
Ўзини «мансабдор шахснинг қизи» деб таништирган аёлга Давронов оиласи хонадонни расмийлаштириш учун аввалига 2000 доллар, хонадоннинг ўғиллари номига ўтгани ҳақидаги ҳокимнинг буйруғини қўлга олгач эса, 15 минг доллар беради.
Яхши нархга пойтахтдан хонадон харид қилганига ишонган Давроновлар уй калитини олиш учун шаҳар ҳокимиятига боради. У ерда эса уй расмийлаштирилгани тўғрисидаги ҳужжатнинг сохта экани маълум бўлади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ариза билан мурожаат қилиб, бўлган воқеани айтиб берган Давроновлар оиласи улар мазкур гуруҳ фирибгарларига алданган учинчи оила эканидан хабар топди.
Фирибгарлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ҳибсга олинди. Аниқланишича, улар «мижозларга ишлов бериш»ни бирга ташкиллаштирган. Фирибгарлар бир соатга қора Mercedes 600 автомобилини ижарага олган. Қўриқчи, мансабдор шахснинг қизи, мижоз топувчи даллол, сохта ҳужжат тайёрловчи шахс сингари роллар гуруҳ аъзолари ўртасида бўлишиб олинган.
Мазкур иш бўйича жами етти киши жавобгарликка тортилди.
Изоҳ (0)