Индонезиянинг Ачех провинциясида цунамида йўқолиб қолган қизча орадан ўн йил ўтиб, ота-онаси бағрига қайтди. Бу ҳақда Jakarta Globe нашрига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.
2004 йил декабрида Суматра ороллари қирғоқлари яқинида сўнгги юз йил ичида иккинчи энг кучлиси бўлган 9,2 магнитудали зилзила содир бўлиб, 20 метр баландликкача етган цунамини келтириб чиқарган эди. Септи Рангкути оиласи икки ўғил ва бир қиз — ўша вақтда тўрт ёшда бўлган Раудхатулни олиб, офатдан пана жой излашга киришади. Қизча ва унинг кичик акасини ёғоч тахта устига ўтқизиб қўйишади, шунда уларни кучли ва баланд тўлқинлар олиб кетади.
Сув қайтгач, ота-она фарзандларини бир ой қидиради, шундан сўнг қўшни провинция — Шимолий Суматрага кўчиб кетишади. Цунами болалар ўтирган тахтани узоқ масофаларга олиб кетиб, Баняк архипелагидаги ороллардан бирига элтиб ташлайди. У ерда Радхаулни маҳаллий балиқчи топиб олади. Қизчанинг айтишича, акасини ҳам қутқаришади, бироқ уни бошқа кишилар асраб олади.
Қизалоқ Ачех қирғоқларида уни қабул қилган оила билан яшаб келади. Орадан ўн йил ўтибгина ўша ерга тасодифан бориб қолган Радхаулнинг катта акаси уни кўриб қолиб, онасига зудлик билан хушхабарни етказади.
Дарҳол етиб келган она қизи билан йиғлаб, қучоқлашиб кўришади ва уни олиб кетмоқчи бўлади. Қизни асраб олган оила унинг Рамазон ойи тугагунича қолишини сўрайди. Шундан сўнггина қиз уйига қайтади. Энди улар оролга қайтиб бориб, қизнинг акасини ҳам қидириб топишмоқчи.
Изоҳ (0)