Нидерландияда 17 июль куни Донецк вилоятида ҳалокатга учраган Малайзия «Боинг»ининг 23 нафар қурбонлари шахси аниқланди. Бу ҳақда Нидерландия хавфсизлик ва адлия вазирлигига таяниб, ИТАР-ТАСС хабар берди.
«Сўнгги ҳафта мобайнида ‘Боинг’нинг 21 йўловчиси шахси аниқланди. Уларнинг 16 нафари Нидерландия фуқаролари, 2 нафари Малайзия фуқаролари, шунингдек Германия, Канада ва Британия фуқароларидир», — деди идора вакиллари.
Аввалроқ икки кишининг жасади идентификация қилинган бўлиб, улар нидерландияликлар бўлиб чиққан.
Йўловчилар шахсини аниқлаш жараёни Нидерландиянинг Хилверсюм шаҳри яқинидаги ҳарбий базада ташкил қилинган. Унда 200 нафар халқаро экспертлар фаолият олиб бормоқда. Улар жараённи якунлаш учун бир неча ой вақт кетишини айтмоқда. ОАВ ҳар ҳафтада идентификация жараёнига тегишли янгиликларни олиб турибди.
Malaysia Airlines компанияси «Боинг»и 17 июль куни Украинанинг Донецк вилоятида ҳалокатга учради. Бортда бўлган 298 киши нобуд бўлди. Йўловчиларнинг катта қисми — 194 киши Нидерландия фуқаролари бўлган.
Изоҳ (0)