2014 йилнинг 6 август куни Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасида «NEC» корпорацияси (Япония) вице-президенти Такаюки Морита билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда қўмитанинг ахборот хизмати хабар бермоқда.
Учрашув давомида телекоммуникация ва ахборот технологиялари соҳасида ўрнатилган икки томонлама ҳамкорлик ҳолати хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Тадбирда «NEC» корпорацияси билан ўрнатилган кўп йиллик ҳамкорлик натижалари, хусусан, Ўзбекистонда телеузатиш ҳамда телекоммуникация тармоқларини рақамлаштириш бўйича олиб борилаётган лойиҳаларга тўхталиб ўтилди.
Ўзбекистонда телекоммуникация тармоқларини рақамлаштириш, рақамли телевидениега ўтиш жараёнлари «NEC» корпорацияси билан ҳамкорликда босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Мазкур рақамлаштириш жараёнини 2017 йилга қадар якунлаш кўзда тутилган. Ҳозирда Ўзбекистон аҳолисини рақамли узатиш билан қамраб олиш даражаси 45 фоизни ташкил этмоқда. Учрашувда мазкур кўрсаткични йил охирига қадар 50 фоизга етказиш, ҳамкорлик самарадорлигини янада ошириш бўйича бирламчи вазифалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, учрашувда истиқболда ўзаро ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, телекоммуникация ва ахборот технологиялари соҳасида малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича алоқаларни йўлга қўйишга келишиб олинди.
Изоҳ (0)