Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ли Ук Хён икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик, хусусан, қуёш энергетикаси ҳамда болалар саломатлигини муҳофаза қилиш борасида фикр билдирди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар берди.
Элчи қайд этганидек, бугунги кунда Жанубий Корея компаниялари консорсиуми «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган Сурғил кони базасида газ-кимё мажмуасини барпо этиш бўйича лойиҳа Ўзбекистон табиий газининг қўшимча қийматини ошириш имконини беради.
Бундан ташқари, Ўзбекистон раҳбариятининг Корея сингари анъанавий ёқилғи турларига нисбатан қуёш энергетикаси имкониятларидан тўлароқ фойдаланишга интилаётгани ва шунинг учун ҳам икки мамлакат ўртасида қуёш энергетикаси соҳасидаги ҳамкорликнинг ўрнатилиши ўзаро манфаатли шерикликнинг истиқболли йўналишларидан экани таъкидланди.
«Корея Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси бир-бирини тўлдирадиган иқтисодий тузилмалардир. Ўзбекистон табиий ресурсларга бой, Жанубий Корея эса илғор технологиялар, капитал ва ноу-хауга эга», — дейди Ли Ук Хён.
Интервьюда қайд этилганидек, Корея Республикаси Ўзбекистонда болалар миллий шифохонасини қуриш лойиҳасини молиялаштиришга ҳам кўмак бермоқда. EDCF жамғармаси ушбу мақсад учун 100 миллион долларлик заём маблағини ажратди. Мазкур лойиҳада KOICA ташкилотининг илғор тажрибаси ва технологияларидан ҳам фойдаланилиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)