Эртага, 1 август куни пойтахт ОТМларига кириш имтиҳонлари ўтказилиши муносабати билан шаҳар жамоатчилик транспорти фаолиятига ўзгартириш киритилади. Бу ҳақда Uz24.uz хабар берди.
Хусусан, метронинг Юнусобод йўналиши бошқа кунларга нисбатан бир соат аввал — 5:00 дан қатнай бошлайди. Чилонзор ва Ўзбекистон йўналишлари эса одатдагидек 5:00 да ишлай бошлайди. Эрталаб 6 дан кейин поездлар орасидаги интервал 2,5 — 3 дақиқани ташкил этади.
Автобус, трамвай ва йўналишли таксилар ҳам Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари буйруғи билан эрталаб 6:00 дан йўналишга чиқади. Сўнгги бекатга етиб келган барча транспорт графикни кутиб ўтирмасдан дарҳол ортга қайтиб кетади. Эрталабки 7 дан сўнг, абитуриентларнинг катта қисми ОТМлар ҳудудига етиб олгач, шаҳар транспорти йўналиши график бўйича тартибга тушади.
Бундан ташқари, ОТМларга туташ баъзи кўчаларда ҳаракат тўхтатилиши мумкин. Бироқ айнан қайси кўчалар ёпиб қўйилиши ҳозирча номаълум.
Изоҳ (0)