Туркия бош вазири ўринбосари Бюлент Аринч аёлларни камтар ва жиддий бўлишга, «жамоатчилик олдида кулмаслик»ка чақирди. Мазкур даъват мамлакат сиёсатчилари, жамоат арбоблари ва интернет фойдаланувчиларининг кескин тандқидига дучор бўлди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
Бош вазир ўринбосари Рамазон ойи якунига бағишланган маросимлардан бирида сўзлаган нутқида аёлларнинг «одоб-ахлоқ доирасида жиддий» бўлишлари, жамоат жойларида «кулмасликлари» лозимлигини таъкидлаган.
Бу чақирув эса интернет фойдаланувчиларидан тортиб сиёсатчиларгача — барчанинг танқидига учради.
Туркия президентлигига ўз номзодини қўйган Акмалиддин Эҳсон ўғли ўзининг твиттерида «Бизнинг мамлакат айнан аёлларнинг кулгусига муҳтождир», — деган хабарни жойлади.
Мухолифатчи Халқ республикаси партияси бош котиби Гюрсел Текин эса Бодрумдаги маросимлардан бирида ҳукуматнинг ҳиссиётларни изҳор қилишга ҳам аралашаётганидан, «Ироқ ва Левант давлати» томонидан қўлга олинган дипломатларнинг оналари йиғлаётган, Сурия ва Ироқда ўнлаб, юзлаб аёллар ўз жонига қасд қилаётган вақтида турк аёлларининг қаерда кулишлари ҳукумат томонидан белгилаб берилаётганидан ғазабланганини билдирди.
Тунжели шаҳри аёллари иттифоқи Айфер Бер бошчилигида бош вазир ўринбосари Аринчнинг даъватига қарши акция ўтказиб, ўз эътирозини билдирди. 40 га яқин аёл «Ўзинг кулиб кўр-чи?» деган сўзлар ёзилган плакатларни кўрсатиб, намойишкорона кулишди. Акцияда аёллардан ташқари, эркаклар ҳам иштирок этди.
Эслатиб ўтамиз, Туркияда ўтган йили ёзда ҳам ҳукумат сиёсатига қарши намойиш ўтказилиб, у 1,5 ой давом этган эди. Унда иштирокчилар томонидан ҳукуматнинг одамлар шахсий ҳаётига аралашиб, озиқ-овқат, кийим-кечак, дам олиш, оилавий ҳаёт сингари барча соҳаларни чегаралаб қўйгани юзасидан эътироз билдирилган эди.
Изоҳ (0)