27 июль куни Америка Қўшма Штатларининг Пенсильвания штатида профессионал бокс кечаси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Sports.uz хабар берди.
Шоунинг қизиқарли жангларидан бири супер оғир вазн тоифасининг рейтинг поғоналарида тобора кўтарилиб бораётган ўзбекистонлик Аҳрор Муралимов иштирокида кечди.
Аҳрор бу сафар америкалик Жейсон Бергман билан рингда тўқнаш келди. Таъкидлаш жоиз, Бергман ўта оғир вазн тоифасининг WBA йўналиши NABA USA чемпионлик камарлари соҳиби ҳисобланади.
Кутилганидек, беллашувда Муралимов яхши старт ола билди ва иккинчи раунднинг ўзидаёқ рақибини нокаутга учратиб, чемпионлик камари соҳиби бўлди. Аҳрор шу вақтга қадар, профессионал рингда 15 та жанг ўтказиб, барчасини ғалаба билан якунлаган. Шулардан 12 тасини нокаут билан ниҳоясига етказган.
Жейсон ҳам катта рингда яхши натижаларни қўлга киритган ўта тажрибали боксчилардан бири ҳисобланади. У 35 жанг ўтказиб, шуларнинг 23 тасида ғалаба қозониб, 10 мағлубият ва икки дурангни ўз ҳисобига ёзиб қўйган. Ғалабаларининг 16 тасини муддатидан илгари якунлаган.
Изоҳ (0)