Ўзбекистон Ҳисоб палатаси ва Молия вазирлиги 2014 йил биринчи ярми давомида 143 та бюджет ташкилотида молиявий текширувлар ўтказди. Бу ҳақда ЎзАга таяниб, «Кун» хабар бермоқда.
Хусусан, Ўзбекистондаги педагогика йўналишидаги еттита ОТМ текширилганда ўзлаштиришининг якуний кўрсаткичлари сунъий равишда оширилган талабаларга стипендиялар ортиқча тўлангани аниқланган.
Жумладан, Тошкент давлат педагогика университетида 105,6 миллион сўм, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида 43,2 миллион сўм, Тошкент вилоят давлат педагогика институтида 20,2 миллион сўм, Нукус давлат педагогика институтида 16,9 миллион сўм, Қўқон давлат педагогика институтида 9,2 миллион сўм стипендия ортиқча тўланган.
Хабар беришларича, назорат якунлари бўйича молиявий ҳуқуқбузарлик ва камчиликлар аниқланган текшириш материаллари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилган.
ЎзАнинг эслатишича, «бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотларда давлат молиявий назорати тизимли асосда давом эттирилади ва ажратилаётган бюджет маблағларидан нооқилона, мақсадсиз фойдаланишга йўл қўйган ҳар қандай масъул ходим қонунчилик доирасида жавобгарликка тортилади».
Изоҳ (0)