24 июль куни Голландияга Украинадаги авиаҳалокат қурбони бўлганлардан яна 74 нафарининг мурдалари келтирилди. Ҳарбий-транспорт самолётлари Эйдховен аэропортига қўнди. Бу ердан қабрлар Хилверсум ҳарбий базасига жўнатилиб, уларнинг шахси аниқланади. Бу ҳақда Euronews хабар берди.
Нидерландияликларнинг айтишича, шахсни аниқлаш жараёни бир неча кундан бир неча ойгача чўзилиши мумкин. Унда турли мамлакатлардан келган 200 дан зиёд мутахассис қатнашади.
Маълум қилинишича, мурдаларнинг маълум бир қисми Харьковда қолган.
Малайзия ва голландияликдан тузилган ишчи гуруҳлари воқеа содир бўлган жойда топилмаган мурдаларни қидирмоқда. Мутахассислар иш жараёнида уларга қуролланган кишиларнинг халал бераётганидан шикоят қилмоқда. Пайшанба куни қурол хавфи туфайли улар ҳатто ишни тўхтатиб қўйишга ҳам мажбур бўлди.
Голландия ҳукумати Украинага қидирув ишларида ёрдам бериш учун Қироллик полициясининг 40 нафар ходимини жўнатишини маълум қилди.
Айни дамда, Фарнбородаги британиялик мутахассислар бир «қора қути»дан экипаж аъзоларининг ўзаро суҳбати билан боғлиқ маълумотларни олишга муваффақ бўлди. Борт тизимларининг ишлашига оид маълумотлар сақланган иккинчи «қора қути» эса энди ўрганиб чиқилади.
Изоҳ (0)