«Twenty3 Sport + Entertainment» консорсиуми ва «Spinifex» ижодий-техник фирмаси 2015 йилги Осиё Кубоги очилиш маросимини ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу ҳақда Stadion.uz хабар берди.
Мусобақа Ташкилий Қўмитаси ижрочи директори Майкл Брауннинг сўзларига кўра, иккала ташкилот ўтказилган тендерда ғолиб чиқиб, ОК — 2015 очилиш ва ёпилиш маросимини ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритган. Консорсиум мутахассислари, шунингдек, бутун мусобақа давомида ижодий элементлар жараёнида ҳам иштирок этади.
«Умид қиламизки, ‘Twenty3 Sport’ мутахассислари ишончимизни оқлаб, бутун мусобақа давомидаги ташкилий масалаларни юқори савияда ўтказа олади», — дейди мусобақа ташкилий қўмитаси ижрочи директори Майкл Браун.
2015 йилнинг январь ойида Австралияда старт оладиган ОК мусобақаси Осиё қитъасидан ташқарида ўтказиладиган илк турнир бўлади. Ҳисоб бўйича 23 марта ўтказилаётган турнирда 16 та жамоа иштирок этади. Ўйинлар эса Австралиянинг бешта шаҳри — Брисбен, Нюкасл, Сидней, Канберра ва Мелбурнда бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси мусобақадаги илк ўйинини 10 январь куни Сиднейда КХДР терма жамоасига қарши ўтказади. Гуруҳ босқичининг иккинчи турида Ўзбекистон терма жамоаси 14 январь куни Хитой термасига қарши майдонга тушади. Хитойга қарши ўйин Брисбен шаҳрида бўлиб ўтади. Ниҳоят, гуруҳ босқичининг сўнгги турида Миржалол Қосимов шогирдлари Саудия Арабистони терма жамоасига қарши майдонга тушади. Ушбу учрашув 18 январь куни Мелбурн шаҳрида ўтказилади.
Изоҳ (0)