Facebook асосчиси Марк Цукерберг сохта ҳужжатларга асосланиб, ижтимоий тармоқнинг 84 фоиз эгалик ҳуқуқини талаб қилган кишига қарши гувоҳлик беради. Бу ҳақда Bloomberg’га асосланиб, «Ведомости» хабар берди.
Цукербергнинг синфдоши Пол Селья судлашиш мақсадида сохта ҳужжатлардан фойдаланганлик, даллиларни йўқотиш ва электрон хабарларни қалбакилаштиришда айбланмоқда. Сельянинг ўзи эса айбсиз эканини таъкидламоқда.
Иш бўйича гувоҳларни тинглаш ишлари Манхеттен федерал судида ноябрь ойида бошланади. Ҳозирча иш бўйича тақдим этиладиган маълумотлар тури ва ҳажми суд билан келишилмоқда.
Айбланувчи Цукерберг, Facebook компанияси ва Гарвард университетининг 2003—2004 йиллардаги электрон мактубларини, шунингдек, Гарварднинг Цукерберг талабалик йилларида йўл қўйган интизом билан боғлиқ қоидабузарликлари ҳақидаги ҳужжатларини суд жараёнига киритилишини сўради. Бироқ судья Эндрю Картер бу илтимосномани рад этди.
Университет судга Селья ва Цукербергнинг 1460 саҳифадан зиёд электрон ёзишмаларини тақдим этди.
Маълумот учун, Пол Селья 2010 йил Цукербергга қарши даъво аризаси билан судга мурожаат қилган ва Facebook’ка эгалик қилиш ҳуқуқининг 84 фоизини талаб қилган. Пол 2003 йил Цукерберг унинг StreetFax.com лойиҳасида иш олиб борганини ва Полдан ўзининг стартапи — Facebook учун 1000 доллар олганини айтган. Унинг сўзларига кўра, Цукерберг синфдошига аввалига Facebook’нинг 50 фоизини, сайт ишга тушган сана — 2004 йил январидан бошлаб эса ҳар кун учун бир фоизини беришга ваъда берган.
Суд Пол Сельянинг шикоятини аниқлаштириш учун тақдим этган шартномасини қалбаки деб баҳолаб, даъвони рад этган ва унга қарши фирибгарлик бўйича иш қўзғатган.
Изоҳ (0)