Тошкентдаги «Локомотив» истироҳат боғи ҳудуд доирасида чекишни тақиқлаган биринчи боғ бўлди. Бу ҳақда Gazeta.uz хабар берди.
20 июль куни «Локомотив»нинг Facebook’даги саҳифасига боғ ҳудудида чекиш махсус ҳудудлардагина рухсат этилиши ҳақидаги хабар жойланди.
Истироҳат боғи ахборот хизматининг маълум қилишича, «Локомотив» ҳудудида чекишни тақиқловчи 75 та белги ўрнатилди. Ҳар бир дарвоза олдига спиртли ичимликлар ва чекишнинг мумкин эмаслиги ҳақида ахборот устунлари қўйилди. Чекувчилар ҳам ташриф буюришини инобатга олиб, улар учун одам кам бўладиган ҳудуддан ҳар бирининг олдида белги, ахлат ташланадиган қути, кулдон ва скамейка бўлган бешта махсус жой ажратилди.
Истироҳат боғи ходимлари билан суҳбат ўтказилиб, чекишни тақиқлаш ҳақида кўрсатма берилди.
Ҳозирча чекувчи қоидабузарларга фақат огоҳлантириш берилиб, махсус жойга ўтишлари сўралади. «Бироқ биз жарима киритиш борасидаги масалани кўриб чиқяпмиз», — деди боғ ходими.
«Локомотив» ахборот хизмати маъмуриятнинг ҳозирча ҳар бир қоидабузарни кузата олмасилигини айтиб, ташриф буюрувчиларни атроф-муҳитга нисбатан масъулият билан ёндашишга чақирди.
Изоҳ (0)