Германия канцлери Ангела Меркелнинг Facebook’даги саҳифасига спам-хабарлар ёпирилди. Бу ҳақда саҳифани бошқарувчи Насроний-демократик иттифоқ (НДИ)нинг онлайн-таҳририяти ахборотига асосланиб, ИТАР-ТАСС маълум қилди.
Ҳукумат раҳбарининг саҳифасига жойланган постлар остида Меркелни миллатчилар билан солиштириб ёзилган кўплаб изоҳлар пайдо бўлмоқда. Саҳифани назорат қиладиган муҳаррирлар бир соат ичида юзлаб шундай хабар пайдо бўлаётганини таъкидлаб, бу спам ҳолати эканига ишонч билдирмоқда.
НДИ онлайн-таҳририяти Меркелнинг мухлисларини канцлернинг саҳифасига спам-ҳужум уюштирилаётгани ҳақида огоҳлантириб, фойдаланувчилар қолдираётган изоҳлар ҳужум натижасида пайдо бўлаётган хабарлар орасида йўқолиб кетаётгани учун узр сўради.
«Ҳатто спам учун ҳам тармоқ одоб-ахлоқи қоидаси бор: биз объектив ва консруктив постлар қолдирилса, хурсанд бўламиз, бироқ қонунчиликни бузадиган, ҳақорат, туҳмат ва миллатчилик ёки сиёсий-екстремистик руҳдаги хабарларни ўчириб ташлашга тайёрмиз», — деб таъкидлади таҳририят.
Изоҳ (0)