Тошкент Mercer аналитик компанияси томонидан ҳар йили чоп этиладиган Cost of Living — хорижликлар яшаши учун ҳаражатлар даражаси рейтингида 185-ўриндан 180-поғонага чиқиб олди. Бу ҳақда Gazeta.uz хабар берди.
Рейтингда қатнашган 14 та собиқ Иттифоқ давлатлари ичида Ўзбекистон пойтахти тўққизинчи ўриндан жой олди.
Март ойида ўтказилган мазкур таҳлилда жами 211 шаҳар қатнашди. Натижалар 200 турдаги кўрсаткич, жумладан, турар жойни ижарага олиш, транспортдан фойдаланиш, озиқ-овқат, кийим-кечак, маиший маҳсулотлар, турли хизматлар ҳамда дам олиш нархини ҳисобга олган ҳолда эълон қилинди.
Рейтинг ўтказилишидан мақсад трансмиллий компания ва ҳукуматларга ходимларининг хорижий давлатларда яшаш нархини аниқлашга кўмак беришдан иборат. Рейтингда 16-ўринда турган Нью-Йорк шаҳарларни солиштиришда намуна (эталон) вазифасини ўтайди.
Хорижликлар яшаши учун энг қиммат шаҳарлар учлигига Луанда (Ангола), Нжамена (Чад) ва Гонконг (Хитой) кирди. Энг қиммат шаҳарлар ўнлигида эса Сингапур, Сюрих, Женева, Токио, Берн, Москва ва Шанхайни кўриш мумкин.
Изоҳ (0)