Ўзбекистон давлат консерваториясида «Ягонасан, муқаддас Ватан!» республика кўрик-танловининг олий таълим муассасалари ўртасидаги якуний босқичи бўлиб ўтди, дея хабар беради ЎзА.
Шу кунларда мазкур танловнинг вазирлик ва идоралар, жамоат бирлашмаларидаги босқичи ўтказилмоқда. Танлов босқичларида олий таълим муассасаларининг 405 дан ортиқ жамоаси таркибида 12 мингдан ортиқ талаба-ёш фаол иштирок этди.
«‘Зиё садолари’ хор жамоаси таркибида ‘Мустақил Ватан’ қўшиғини тайёрлаб келдик, – дейди Қарши давлат университети педагогика факультети талабаси Нуриддин Ҳайдаров. — Мазкур ижодий беллашув она диёримизга бўлган меҳру садоқатимизни мусиқа санъати воситасида намоён этиш имконини беради».
Танловда Ўзбекистон эришаётган ютуқларни тараннум этувчи қўшиқлар янгради.
Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университетининг «Гулдаста» талабалар жамоаси «Ўктам диёрим» қўшиғи учун, Қарши давлат университетининг «Зиё садолари» талабалар жамоаси «Мустақил Ватан» қўшиғи учун биринчи ўринга лойиқ топилди. Ушбу жамоалар мусиқа байрамининг мамлакат босқичида иштирок этади.
Изоҳ (0)