Австралия ва Канаданинг бир неча биологлари кенгурунинг тузилишини ўрганиб чиқиб, ушбу сутэмизувчининг бешта оёғи бор, деган хулосага келди. Бу ҳақда Biology Letters илмий журналида чоп этилган мақолага асосланиб, ИТАР-ТАСС хабар берди.
Олимлар бу янгилик учун илк бор «пентапедаль» (лотин тилидан таржима қилганда — «беш оёқли») деган махсус атамани ишлатди.
Ҳозирга қадар кенгуруларнинг сакраш ва соатига 20 километр тезликка эришишни думи орқали амалга ошириши маълум эди. Энди эса ушбу жонзотнинг юришда «бешинчи оёғи»ни ҳам ишлатиши аниқланди. Кузатиш натижалари шуни кўрсатдики, «бешинчи оёқ» берадиган куч қолган тўрт оёқ тақдим этадиган кучга тенг.
Олимлар тахминига кўра, кенгурулар дарахтда яшаган вақтларида думидан бир новдадан иккинчисига сакраш учун фойдаланган. Вақт ўтиб, халтали ҳайвонлар ерда яшашга мослашгач, уларнинг думи ривожланиб, аввалгидан ҳам кучлироқ бўлган. Натижада кенгурулар каттароқ масофага сакраш ва бунда камроқ энергия сарф қилиш имконига эга бўлган.
Изоҳ (0)