АҚШнинг Уиннетка шаҳрида теннис бўйича соврин жамғармаси 50 минг долларидан иборат бўлган «Челленжер» турнири давом этмоқда. Ушбу мусобақада ўзбекистонлик теннисчи Фаррух Дўстов ҳам иштирок этмоқда. Бу ҳақда «Olamsport» хабар қилди.
Дастлаб австралиялик Танаси Коккинакисни икки сетда ҳам бир хил 7:6 ҳисобида таслим этган Фаррух иккинчи даврада турнирнинг биринчи ракеткаси Майкл Рассел билан тўқнаш келди. Дунё рейтингида 94-ўринни эгаллаб турган америкалик теннисчига қарши кечган учрашувда Дўстов осонлик билан — 6:3, 6:2 ҳисобида зафар қучди.
Ўзбекистоннинг иккинчи ракеткаси чорак финалда яна бир АҚШ вакили Остин Крайчек билан ҳисоб-китоб қилади. Крайчек иккинчи даврада турнирнинг олтинчи рақамли теннисчиси, ҳиндистонлик Сомдев Деввармандан 6:3, 6:4 ҳисобида устун келганди.
Фаррух Дўстов чорак финалга чиққани учун 1460 доллар ҳамда 15 рейтинг очкосига эга бўлди.
Изоҳ (0)