Сурхондарё вилояти Шеробод тумани «Деҳқон бозори» ҳудудидаги парфюмерия маҳсулотлари билан савдо қилувчи дўкон эгалари харидорлардан узр сўрашга мажбур қилинди, дея хабар берди «Кун» Ўзбекистон истеъмолчилари ахборот ресурси маълумотига асосланиб.
Маълумотга кўра, икки фуқаро дўкон устидан шикоят қилган. Шикоятга кўра, улар 9 минг сўмлик маҳсулот ҳақини пластик карточка орқали тўламоқчи бўлганида, дўкон сотувчиси бунинг учун карточкадан 11 минг сўм ечиб олишини маълум қилган.
Харидорлар айрим товарларнинг нархларини сўраганида, сотувчилар ўзларини эшитмасликка олган, харидорлар арзонроқ маҳсулотларни сотиб олмоқчи бўлганида эса: «Биз бунақа майда-чуйдалар учун терминал ишлатмаймиз», — дейишгача боришган.
Ушбу ҳолат юзасидан масъул ваколатли давлат назорат органлари вакиллари билан ҳамкорликда ҳамда истеъмолчилар иштирокида ўрганилганида истеъмолчиларнинг тўла-тўкис ҳақ эканлиги ўз исботини топган. Маълум бўлишича, дўконда бошқа қоидабузарликлар – дўконнинг номи, унинг юридик манзили ва иш тартиби ҳақидаги лавҳалар йўқлиги, сотувда мавжуд товарларнинг нархномалари, сотувчи тўғрисидаги ёзма маълумот истеъмолчиларга ҳавола этилмагани аниқланган.
«Сотувчиларга ушбу камчиликлар қисқа вақт ичида бартараф этилиши лозимлиги тушунтирилиб, харидорлар билан доимо хушмуомала бўлиш зарурлиги уқдирилди. Дўкон сотувчилари ўз хатти-ҳаракатлари учун истеъмолчилардан кечирим сўради. Бўлиб ўтган ҳолатлар юзасидан тегишли маълумотномалар тузилиб, бундай салбий ҳолатлар сотувчилар томонидан яна такрорланса, улар тегишли тартибда жавоб беришлари ҳақида огоҳлантирилди», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)