Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хе 18 июнь куни Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Олий мартабали меҳмон қадим шаҳарнинг муаззам тарихий обидалари билан танишувни Мирзо Улуғбек расадхонасидан бошлади. Пак Кин Хега машҳур олим ва давлат арбоби ҳаёти ҳақида илмий фаолияти ҳақида сўзлаб берилди.
– Расадхонага киришим билан Мирзо Улуғбекнинг қанчалар буюк даҳо ва улкан иқтидор эгаси бўлганини ҳис этдим, – деди Корея Республикаси Президенти.
Ўзбекистон ва Жанубий Корея раҳбарлари «Афросиёб» музейида бўлди. Деворий суратлардан бирида Афросиёб (қадимги Самарқанд) ҳукмдорининг турли мамлакатлар элчиларини қабул қилиш маросими акс этган. Улар орасида Чосон (Корея) элчисининг ҳам борлиги халқларимиз ўртасидаги муносабатлар илдизи бир неча асрларга бориб тақалишидан далолат беради.
«Афросиёб» музейи ҳудудида ташкил этилган «Буюк ипак йўлидан» деб номланган боғ икки мамлакат ўртасидаги яқин дўстликнинг яна бир намунасидир. Бу ерда жадал ривожланаётган Ўзбекистон ва Жанубий Корея дўстлиги ҳамда ҳамкорлиги рамзи сифатида ёдгорлик ўрнатилган.
Корея Республикаси Президенти Регистон мажмуини диққат ва ҳаяжон билан томоша қилди. Президент Ислом Каримов раҳнамолигида буюк аждодларимиз бой меросини чуқур ўрганиш, тарихий обидаларни асраб-авайлаш борасида амалга оширилаётган бетимсол ишларга юксак баҳо берди.
Пак Кин Хе Регистон мажмуида миллий ҳунармандлик буюмлари кўргазмасини кўздан кечирди, Самарқанд гиламларининг тўқилиш жараёни билан қизиқди.
Жанубий Корея раҳбари Амир Темур мақбарасини зиёрат қилиб, Соҳибқироннинг сўнмас хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хенинг Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи самарали бўлди. Ташриф асносида давлатлараро, вазирлик ва идоралар даражасида қатор манфаатли келишувларга эришилди. Имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилиши қайд этилди.
Шу билан Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хенинг Ўзбекистон Республикасига илк давлат ташрифи якунига етди. Жанубий Корея раҳбари Ўзбекистонга ташрифи жуда самарали ва фойдали бўлганини таъкидлаб, самимий қабул учун Президент Ислом Каримовга чуқур миннатдорлик билдирди.
Изоҳ (0)