2014 йилнинг 16 июнидан бошлаб Ўзбекистон миллий эмлаш тақвимига янги ротавирус ваксинаси жорий этилди. Эндиликда икки-уч ойлик чақалоқлар ротавирус касаллигига қарши бепул эмланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ)нинг мамлакатдаги ваколатхоналари ҳамкорлигида ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди, деб ёзади ЎзА.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитария-эпидемиология назорати бош бошқармасидан маълум қилишларича, янги ваксинани амалиётга жорий этишга жиддий тайёргарлик кўрилди. Саккиз мингдан зиёд ўрта тиббиёт ходимлари эмлаш ишларини амалга ошириш бўйича махсус тайёргарликдан ўтди. Қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда фаолият юритаётган умумий амалиёт врачлари ва патронаж ҳамширалар иштирокида махсус ўқув-услубий машғулотлар ўтказилди. Жойларда қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар базасида 3800 эмлаш пунктлари ташкил этилди. Жорий йилнинг ўзида қарийб уч юз саксон минг болани ротавирус инфексиясига қарши эмлаш билан қамраб олиш режалаштирилган.
Тадбир иштирокчилари эмлаш ишларига кўрилган тайёргарлик ва бу жараённинг бориши билан танишиш мақсадида пойтахтнинг Шайхонтоҳур туманидаги 46-оилавий поликлиникада бўлди.
– Ротавирус инфексияси маиший жиҳозлар, уй-рўзғор буюмлари, озиқ-овқат маҳсулотлари орқали юқади, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги санитария-эпидемиология назорати бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилором Турсунова. – Касаллик вируси асосан ошқозон-ичак йўлида тарқалади, овқат ҳазм қилиш ферментларини ишдан чиқаради. Бунинг оқибатида тана ҳарорати кўтарилиб, кўнгил айнийди, ич кетиши кузатилади. Бу жараён болаларда анча оғир кечиши, организм бир кеча-кундузда бир литрдан кўпроқ суюқлик йўқотиши мумкин. Болаларни ўз вақтида эмлаш орқали бундай муаммоларнинг олдини олиш мумкин.
Эмлаш ишларини амалга оширишда фойдаланиладиган, жаҳон тиббиёти амалиётида кенг қўлланилаётган энг самарали эмлаш воситалари мамлакатимизга олиб келиниб, тегишли тартибда тиббий-лаборатория синовларидан ўтказилди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мувофиқлик сертификати билан кафолатланди ва совуқлик занжири тизимига риоя этилган ҳолда жойлардаги эмлаш пунктларига етказиб берилди.
Маълумот ўрнида: Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, сайёрамизда ҳар йили икки миллиондан кўпроқ инсон ротавирус инфексияси билан хасталаниб шифохоналарга тушади. Улардан қарийб беш юз минг нафари ушбу ўткир юқумли касаллик туфайли оламдан кўз юмади.
Изоҳ (0)