Одам қандай транспортдан фойдаланишидан қатъий назар, ўз иш жойига етиб бориш учун бир соатдан ортиқ вақт сарфлашни хоҳламайди, деб таъкидламоқда америкалик олимлар. Бу ҳақда «Кун» хабар беради.
Одам ишга машина рулида ёки тиқилинч трамвайда, метрога тушиб ёки пиёда, беш километрдан 40 километргача бўлган масофани босиб ўтиши мумкин, бироқ бунинг барчасини узоғи билан бир соатнинг ичига сиғдиришга ҳаракат қилади, дейилади PLoS ONE журналида чоп этилган янги тадқиқотда.
Массачусетс технология институти мутахассислари натижалари унчалик ҳам ишончли бўлмаган сўровномаларга қўл уришдан бош тортиб, сайёранинг тўртта мегаполис – Бостон (АҚШ), Абиджан (Кот-д'Ивуар), Лиссабон (Португалия) ва Ар-Риёд (Саудия Арабистони)даги мобил телефонлардан аноним равишда маълумотларни йиғди.
Ҳар куни тонгда ушбу шаҳарларнинг фуқаролари иш жойларига етиб боргунларича, масофа қанчалигидан қатъий назар, 50—70 дақиқа вақт сарфлашади. Эътиборли томони, ушбу тўртала мамлакатнинг иқтисодий, транспорт ва ижтимоий ривожи бир-биридан кескин фарқ қилишига қарамай, қонуният деярли ўзгармаган.
Бироқ ушбу манзарадан ишчиларининг 98 фоизи иш жойига бориш учун шахсий автомобилидан фойдаланадиган Ар-Риёд алоҳида ажралиб чиққан. Ушбу ҳолатда ишга етиб олиш вақти масофага қараб — 40 дақиқадан (ўн километр) 80 дақиқагача (40—60 километр) чўзилиши мумкин.
Тадқиқотчилар ўзига хос «автомобиль маданияти» мавжудлигига ҳам урғу берган: автомобиль эгалари ўз мустақилликларини қадрлашади ва йўлга кўпроқ вақт сарфлашга тайёр, жамоат транспорти тарафдорлари эса ҳар қандай «айёрликлар»га тайёр ва ишга тезроқ етиб олиш учун у транспортдан бу транспортга «сакраб кетаверади».
Ушбу тадқиқот натижалари 1994 йилда италиялик физик Чезаре Маркетти томонидан илгари сурилган фаразни деярли тасдиқлади. Унга кўра, одамлар тош асридан бери қанча масофа ва қандай транспортдан фойдаланмасин, иш жойига етиб бориш учун тахминан бир соат вақт сарфлайди. Ушбу вақт оралиғи узайиб кетмаслиги учун одамлар ҳатто иш жойини ўзгартириш ёки ишга яқинроқ жойдан уй топишга ҳам тайёр.
Изоҳ (0)