Германияда нашр этиладиган Berliner Morgenpost ва Hamburger Abendblatt газеталарида Ўзбекистоннинг бой маданияти ва сайёҳлик имкониятларига бағишланган «Ипак йўли сеҳри» сарлавҳали мақола чоп этилди. Бу ҳақда «Жаҳон» ахборот агентлиги хабар берди.
Хабарда қайд этилишича, мақола муаллифи Эккехарт Айхлер Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент сингари кўҳна шаҳарларда жойлашган ноёб меъморий ёдгорликлар ҳақида ёзиб, бу шаҳарларни «Ипак йўлининг том маънодаги дурдоналари», деб таърифлаган.
«Самарқанддаги дунёга машҳур Регистон майдони — Марказий Осиёдаги энг гўзал қадамжолардан бири ҳамда умумжаҳон маданий меросининг бир бўлагидир. Регистондаги уч мадарасадан иборат мажмуа шаҳарсозликдаги ноёб намуна ҳисобланади», деб ёзади муаллиф.
Э. Айхлер кўҳна Хива шаҳридаги кўп сонли тарихий ёдгорликлар ҳақида ҳикоя қилар экан, ўқувчилар эътиборини алгебра фанининг асосчиси, буюк олим Муҳаммад ал-Хоразмий қолдирган бой меросга қаратади. «VIII асрнинг охири ва IX асрнинг биринчи ярмида яшаб ижод этган буюк математик, астроном ва географ Муҳаммад ал-Хоразмийнинг асарлари жуда муҳимлиги баробарида улар бугунги кун учун ҳам долзарбдир», — деб ёзади германиялик журналист.
Мақола муаллифи, шунингдек, бугунги кунда Ўзбекистон сайёҳликни ривожлантиришга, тарихий ёдгорликларни таъмирлаш ва замонавий меҳмонхоналар қурилишига катта маблағлар сарфлаётгани, бунда сайёҳлик соҳасида хизмат кўрсатишни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳақида ҳам атрофлича тўхталган.
Мақолада қайд этилишича, ноёб меъморий ёдгорликларнинг гўзаллиги ва маҳобатидан ташқари, маҳаллий аҳоли вакиллари билан режалаштирилмаган, тасодифий учрашувлар ҳам сайёҳларнинг ёдидан асло чиқмайди. Ўзбек халқи вакиллари билан мулоқот асносида уларнинг бой маданияти, урф-одатлари ва кундалик турмуш тарзи, шу жумладан, миллий тўй анъаналари ва маросимлари ҳақида билиб олиш мумкин, дея қайд этади Эккехарт Айхлер.
Изоҳ (0)