Япония полицияси 80 ёшли аёлни тинмай та’қиб қилгани учун 85 ёшли эркакни ҳибсга олди. Бу ҳақда Agence France-Presse ахборот агентлигига асосланиб «Кун» хабар бермоқда.
Хабар беришларича, улар эркакнинг марҳум аёли ётган шифохона палатасида танишиб қолишган – «жабрланувчи» ҳам ўша ерда даволанаётган бўлган.
Такео Нитта эътиборига тушиб қолган аёлнинг телефонида 2013 йил ноябрда бир неча хабар қолдирган бўлиб, бу хабарларда эркак аёлни бирга сайр қилишга таклиф қилган.
Нитта 10 июнь куни шилқимликда айбланиб, ҳибсга олинган – бунга 2 май куни 80 ёшли аёлнинг уйига бостириб киргани сабаб бўлган. Бу воқеагача эса аёл бир неча бор полицияга чол устидан унинг қўярда-қўймай мулозамат қилаётганидан шикоят қилган эди.
Сўнгги вақтларда Японияда умумий аҳоли сонида қарилар улушининг ошиб бораётгани муносабати билан қариялар томонидан содир этилаётган жиноятлар сони кўпайиб бормоқда. Ҳукумат маълумотларига кўра, 60 ва ундан юқори ёшдаги одамлар томонидан содир этилаётган жиноятлар сони сўнгги 20 йилда олти фоизга кўпайган.
Аксарият ҳолларда қария жиноятчилар ўғриликни маъқул кўради, бироқ нафақахўрлар томонидан зўравонлик ишлатилиши ҳолатлари ҳам қайд этилиб турибди.
Изоҳ (0)