Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келган Жанубий Корея Президенти Пак Кин Хе Тошкентдаги Интернатионал меҳмонхонасида маҳаллий корейс ҳамжамияти вакиллари билан учрашди, деб маълум қилди «Кун».
Yonhap ахборот агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистон ҳозирги кунда 180 мингдан ортиқ этник корейслар уйи бўлиб, бу Марказий Осиё мамлакатлари орасида энг катта кўрсаткичдир.
«Ушбу ташрифим натижасида икки мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, янги иш ўринларини ташкил қилиш ва икки томон учун ҳам манфаатли бўлган ҳамкорлик лойиҳаларини янада чуқурлаштиришни режалаштирмоқдаман», – деди Пак Кин Хе.
Жанубий Корея президенти Ўзбекистондан бошланган Марказий Осиё турнеси давомида ўзи октябрда таклиф қилган «Евроосиё ташаббуси» учун янги истиқболлар очишни режалаштирмоқда.
Ушбу ташаббус Евроосиё мамлакатлари ўртасида инфратузилмаларни қуриш ва савдони эркинлаштиришни кўзда тутиб, Европа Иттифоқига рақобатчи бўладиган йирик ягона бозорга айланишни мақсад қилган.
Жанубий Корея президенти Ўзбекистонга ташрифи доирасида ўз ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари бўлган «Корея яриморолида ишонч жараёни», «Шимоли-шарқий Осиё тинчлик ва ҳамкорлик назари» ва «Евроосиё ташаббуси» кабилар юзасидан Тошкентнинг расмий кўмагини олишга ҳам умид қилмоқда.
Бундан ташқари, Yonhap’нинг Жанубий Корея расмийларига асосланиб хабар беришича, ушбу ташриф доирасида Шимолий Кореяни ядро қуролидан ҳоли ҳудудга айлантириш масаласида Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилади.
Аввал хабар берилишича, Жанубий Корея президенти Пак Кин Хенинг Ўзбекистонга давлат ташрифининг асосий тадбирлари 17 июнга мўлжалланган. Yonhap’нинг хабар беришича, Пак Кин Хе хоним чоршанба куни Самарқандда меҳмон бўлиб, у ердан Қозоғистонга учиб кетади.
Қайд этиш жоиз, Марказий Осиё турнеси доирасида Пак Кин Хе Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистонда бўлади.
Изоҳ (0)