Андижон вилояти Олтинкўл тумани марказидаги «Олтин соҳил» маданият ва истироҳат боғи қайта қурилиб, фойдаланишга топширилди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда бадиий жамоалар томонидан намойиш этилган «Мен – мустақил юрт фарзандиман!» деб номланган концерт дастури, болажонларнинг чиқишлари, таниқли ижодкорлар билан ўтказилган учрашувлар йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Барча аттракционлар бепул хизмат кўрсатди.
— Қайта қурилган маданият ва истироҳат боғида янги, замонавий аттракционлар ўрнатилди, мавжудлари таъмирланди. Махсус ташкил этилган болалар шаҳарчаси, яхна ичимлик ва музқаймоқ билан савдо қиладиган кафе, шунингдек, фотостудия, савдо дўкони, стол тенниси, шахмат-шашка майдончалари аҳоли хизматида, – дейди Олтинкўл тумани ҳокими Акмалжон Жалолов.
15 минг тупдан зиёд дарахт ва гул кўчатлари ўтқазилди, 1800 квадрат метрдан зиёд масофадаги йўлакларга турфа ранг плиткалар ётқизилди. Янги ўриндиқлар ўрнатилди, кўркам фаввора ишга тушди. 200 дан зиёд ёритгич ва чироқлар боғнинг тунда ҳам чароғон бўлишини таъминламоқда.
600 миллион сўмга яқин маблағ сарфланган масканда бунёдкорлик ишлари давом эттирилмоқда. Келгусида замонавий амфитеатр, мини футбол майдони, ҳайвонот бурчаги, теннис корти ва кўл барпо этилади. Умумий майдони 3,5 гектар бўлган боғ ҳудудида майсазор ва гулзорлар, турли манзарали дарахтларга бой майдонлар, ландшафт дизайни асосида турли-туман декорациялар барпо этиш режалаштирилган.
Изоҳ (0)