«Соғлом бола йили» Давлат дастури ижроси доирасида Бухоро шаҳридаги собиқ «Бухоротекс» корхонасининг профилакторий биноси тубдан реконструкция қилиниб, ёшларга ва меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига тураржой сифатида топширилди. 64 оилага мўлжалланган тураржойда барча қулайликлар яратилган. Бинонинг биринчи қаватида озиқ-овқат дўкони, новвойхона, интернет-клуб, кийимларни тозалаш хизмати фаолият кўрсатмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Бухоро вилояти ҳокимлигининг ташаббуси билан бир қатор ҳомий ташкилотлар ҳамкорлигида 32-меҳрибонлик уйининг собиқ саккиз нафар тарбияланувчисининг никоҳ ҳамда кам таъминланган оилалар фарзандларининг суннат тўйлари ўтказиб берилди. Ёш оилаларга ҳомийлар томонидан уй-рўзғор буюмлари, маиший техникалардан иборат совғалар ҳадя қилинди.
– Когон саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежида ўқиб, касбли бўлдим. Айни пайтда Бухоро шаҳридаги қурилиш ташкилотларидан бирида ишламоқдаман. Бугун ҳаётимдаги энг бахтли кунларимдан бири. Ҳам оила қурдим, ҳам уйли бўлдим, – дейди 32-меҳрибонлик уйининг собиқ тарбияланувчиси Мардон Мажидов.
Изоҳ (0)