Samsung компанияси Tizen операцион тизимида ишловчи ўзининг янги смартфони — Samsung Z’ни 3 июнь куни Сан-Францискода бўлиб ўтадиган Tizen Developer Conference анжуманида тақдим этади. Бу ҳақда Interfax хабар берди.
Янги смартфон 4,8 дюймли Super AMOLED экран, 8 мегапикселли асосий камера билан жиҳозланади. Унда бармоқ изи сканери ҳам бор. Samsung Z икки хил — қора ва тилла рангларда чиқарилади.
Компаниядагилар таъкидлашича, Tizen’дан фойдаланиш натижасида ишлаш тезлиги ошади, бир вақтнинг ўзида кўп функциялардан фойдаланиш мумкин бўлади, веб-саҳифаларни кўриш ҳам тезлашади.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Samsung ўзининг Galaxy Gear «ақлли» соатидаги Android операцион тизимини Tizen’га алмаштиришни бошлади.
Янгилаш кўринишида юклаб олинадиган операцион тизим 2.2 версиясига эга. Соатда ОТ тўлиқ ўзгартирилса-да, интерфейс ўз ҳолича қолади. «Апдейт»нинг битта ёмон томони шундаки, қурилмадаги маълумотларнинг барчаси ўчиб кетади.
Изоҳ (0)