Қашқадарё вилояти Қамаши тумани Қозоқ қишлоғида истиқомат қилувчи Аҳмад Қурбонов томорқасидаги 10 сотихли ҳавзада балиқ етиштирмоқда, деб хабар беради «Қашқадарё» газетаси.
Аҳмад Қурбонов томорқасидаги ҳавзани ўтган йили барпо қилган. Сув ерга сингиб кетмаслиги учун остига полиэтилен плёнка тўшаган, плёнка устини тупроқ билан беркитган ва ҳавзани сув билан тўлдирган. Оқ амур ва зоғора балиқ боқишни бошлаган.
Ҳозир ҳавзада 2—2,5 килограммли балиқлар мавжуд. Дастлабки йили 200 килограммдан зиёд балиқ етиштирилган.
— Қўни-қўшнилар, маҳалла аҳли бу янгиликни кўриб ҳавас қилди, — дейди Аҳмад ака. — Ҳатто Китоб туманидан томорқачилар келиб, кўриб кетди. Уларга тажрибаларим ҳақида сўзлаб бердим. Ён қўшним Нурали Худойқулов ҳам ҳовлисида балиқ боқяпти. У ҳам бу йил 6 сотих ердаги ҳавзасида 2—2,5 тонна балиқ етиштирмоқчи. Мендан маслаҳат сўраб туради. Ўзим ҳам бу йил 2,5—3 тоннадан зиёд балиқ етиштиришни режалаштирганман.
Изоҳ (0)