30 апрель куни Европа Чемпионлар лигаси ярим финалидан ўрин олган «Челси» ҳамда «Атлетико» клублари ўртасида жавоб ўйини бўлиб ўтди.
Маълум қилинганидек, «Спорт» телеканали учрашувни жонли эфирга узатиши керак эди. Бу ўйин трансляция қилиниши ҳақида теледастурларда ва Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси сайтида ҳам хабар берилган эди.
«Спорт» телеканалидаги манбамиз маълумотига кўра, «Челси»—«Атлетико» учрашувини жонли эфирга узатмаганига ушбу мусобақанинг трансляция ҳуқуқига эгалик қилувчи компания даъвоси сабаб бўлган. 30 апрель куни ЎзМТРКга ушбу компаниядан учрашувни трансляция қилмаслик ҳақида огоҳлантириш хати келган. Шуни эътиборга олиб, ЎзМТРК раҳбарияти учрашувни эфирга узатмасликка қарор қилган.
Таъкидлаш жоиз, «Спорт» телеканалидаги манбамиз огоҳлантириш хатини юборган компания номини маълум қилмади.
Шунингдек, манбамизнинг қўшимча қилишича, Европа Чемпионлар лигаси финалидаги «Атлетико» ва «Реал» ўртасидаги учрашувни «Спорт» телеканали томонидан тўғридан-тўғри олиб берилиши ҳам номаълум бўлиб қолмоқда. Бундан ташқари, аввал режалаштирилган Европа лигасидаги ўйинлар трансляцияси ҳам бекор қилинган.
Эслатиб ўтамиз, «Челси»—«Атлетико» учрашувида 1:3 ҳисобида «Атлетико» жамоаси ғалаба қозонди.
Изоҳ (0)