Боку шаҳридаги халқаро муғом (мақом) марказида таниқли ўзбек хонандаси Севара Назархоннинг «Янги ипак йўли» деб номланган илк соло-концерти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Тренд интернет нашри хабарига таяниб «Туркистон пресс» маълум қилди.
«Cаспиан» журнали ҳомийлигида ташкил қилинган ушбу концертга жуда кўп ҳақиқий мақом мухлислари тўпланди. Унда ўзбек миллий ашулалари ижрочиси Севара Назархон ўзбек ва рус тилларидаги қўшиқлари билан томошабинларга хуш кайфият улашди. Айниқса, унинг этно-композициялар воситасида ҳавола этган чиқишлари мухлислар олқишига сазовор бўлди.
Таъкидлаш жоиз, концерт якунида Севара Назархон томошабинларга озарбайжонлик санъаткорлар: Равшан Гурбанов ва Элнур Зейналов жўрлигида ижро этган иккита янги қўшиқни ҳадя этди. Бу қўшиқлар Озарбайжон муғоми сифатида танилган «Баёти-Шероз» ҳамда ўзбек миллий куйлари уйғунлигида яратилган.
Хонанданинг вокал ижрочилик маҳоратини ҳам мухлислар олқишлар билан кутиб олди. Ўзбек миллий куйлари ва ашулаларидан ташкил топган бу концерт бокулик мусиқа шайдолари қалбида ўчмас из қолдирди, — дея таъкидлайди Тренд интернет нашри.
Изоҳ (0)