Халқаро олимпия қўмитаси тақиқланган моддалар истеъмоли ва келишилган ўйинларга қарши курашга жиддий киришди. Бу иш учун ХОҚ томонидан 12 миллион фунт стерлинг маблағ ажратилди. ХОҚ президенти Томас Бахнинг сўзларига кўра, қон ва пешобдан олинадиган допинг-пробалар спортчининг тақиқланган модда истеъмол қилганини тўлақонли ифодалаб бера олмаслиги мумкин ва бу борада янада мукаммалроқ йўлларни излаш керак. Келишилган ўйинлар бўйича ХОҚ ва халқаро федерациялар Интерпол билан ҳамкорликда янги лойиҳа устида иш олиб боради. Бу ҳақда «Sport.uz» хабар берди.
– Мазкур маблағнинг ярми допингга қарши курашда янги технологиялар ишлаб чиқиш бўйича тадқиқотлар учун сарфланади. Пулларнинг қолган қисми эса спортчиларнинг коррупция билан алоқадор ҳар қандай ҳолатлардан ҳимоя қилиш учун йўналтирилади, – дейди Томас Бах.
Таъкидлаш жоиз, 2013-йилнинг сентябрь ойида Халқаро олимпия қўмитаси президентлигига сайланган германиялик Томас Бах бунга қадар узоқ йиллар ташкилотнинг тақиқланган моддаларга қарши кураш департаментини бошқариб келган.
Изоҳ (0)