Daryo

Яқин Шарқдаги урушнинг 8-куни: Эрон мингдан ортиқ тинч фуқаро ҳалок бўлганини маълум қилди, АҚШ Исроилга бомбалар сотишни маъқуллади

Можаро фонида дипломатик фаоллик ҳам кучайиб, Россия ва Эрон етакчилари вазиятни муҳокама қилди. Ливан чегарага яқин ҳудудларда аҳолини эвакуация қилишни режалаштирмоқда, Ўзбекистон минтақадан фуқароларини олиб чиқишда давом этяпти.

4 дақиқа ўқиш5 613 кўришлар0 изоҳ0

Яқин Шарқдаги можаро тобора кенгайиб, минтақада ҳарбий ва дипломатик кескинлик кучаймоқда. АҚШ ва Исроил томонидан Эрон ҳудудига берилаётган зарбалар давом этар экан, турли давлатлар ҳам вазиятга муносабат билдирмоқда. Айрим мамлакатлар дипломатик йўл билан можарони юмшатишга чақираётган бўлса, бошқалари ҳарбий ва сиёсий қўллаб-қувватлаш масаласини кўриб чиқмоқда.

Эрон: уруш оқибатида 1 300 дан ортиқ тинч фуқаро ҳалок бўлган

Эроннинг БМТдаги доимий вакили Амир Саид Иравоний АҚШ ва Исроил зарбалари оқибатида мамлакатда камида 1 332 нафар тинч фуқаро ҳалок бўлганини маълум қилди.

Дипломатнинг аниқлик киритишича, ушбу маълумотлар Эрон Қизил Ярим Ой жамиятининг сўнгги ҳисоботига асосланган. Унинг айтишича, қурбонлар орасида 180 дан ортиқ бола бор. Шунингдек, минглаб одамлар турли даражадаги жароҳатлар олган.

Фото: Scanpix

Иравоний зарбалар оқибатида фуқаролик инфратузилмасига ҳам жиддий зарар етганини таъкидлади. Жумладан, 20 дан ортиқ мактаб биноси шикастланган ёки бутунлай вайрон бўлган.

Путин Эрон президенти билан телефон орқали мулоқот қилди

Россия президенти Владимир Путин Эрон президенти Масъуд Пезешкиён билан телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбат давомида томонлар Яқин Шарқдаги вазиятни муҳокама қилган.

Кремль баёнотига кўра, Россия ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш ва Эрон атрофидаги ҳамда бутун минтақадаги муаммоларни куч ишлатмасдан ҳал қилиш зарурлигини яна бир бор таъкидлаган.

Фото: AP Photo

Путин, шунингдек, Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар раҳбарлари билан ҳам доимий алоқада эканини билдирган. Эрон президенти эса Ислом Республикаси халқи билан бирдамлик билдиргани учун Россияга миннатдорлик изҳор этган ва минтақадаги вазият ривожи ҳақида батафсил маълумот берган.

АҚШ Исроилга 150 млн долларлик авиабомбалар сотади

АҚШ Давлат департаменти Конгресс билан келишмасдан Исроилга 151,8 миллион долларлик авиация бомбаларини сотишга рухсат берди. Маълумотларга кўра, Исроил ҳукумати 12 минг дона BLU-110А/B авиабомбасини харид қилиш бўйича сўров юборган.

Фото: Virtualitcs

Ушбу бомбалар оғирлиги тахминан 454 килограмм бўлган умумий мақсадли авиация бомбалари ҳисобланади. Давлат департаменти бу қарорни “фавқулодда вазият” билан изоҳлаган. АҚШ давлат котиби Марко Рубио Исроилга ушбу қурол-яроғларни зудлик билан етказиб бериш зарурлигини айнан минтақадаги кескин вазият билан боғлаган.

Хитой Эронни қўллаб-қувватлаши мумкинлиги ҳақида маълумотлар пайдо бўлди

CNN телеканали манбаларига кўра, АҚШ разведкасида Хитой Эронни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда ракеталар учун эҳтиёт қисмлар етказиб бериш эҳтимолини кўриб чиқаётгани ҳақида маълумотлар мавжуд.

Бироқ The Washington Post нашри манбаларининг айтишича, Пекин ҳозирча Эронга тўғридан тўғри ҳарбий ёрдам кўрсатмаган. Хитой можародан эҳтиёткорлик билан масофа сақлаётганини билдирган.

Фото: Getty Images

Reuters аввалроқ Хитой Эрон билан Ҳормуз бўғози орқали ўтувчи нефть танкерларининг хавфсизлиги масаласида музокаралар олиб бораётганини хабар қилганди. Пекин ўз нефть импортининг қарийб 45 фоизи айнан шу йўл орқали етказиб берилиши сабаб минтақадаги вазиятдан жиддий хавотирда.

17 мингдан ортиқ ўзбекистонлик Яқин Шарқдан олиб чиқилди

Яқин Шарқдаги ҳарбий ҳаракатлар сабаб Баҳрайн, Кувайт, Сурия, Ироқ, Эрон, Қатар ҳамда Исроил ҳаво ҳудудлари парвозлар учун ёпиқ қолмоқда.

Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, 28 февралдан 7 мартгача Мадина ва Жидда аэропортларидан 63 та рейс амалга оширилиб, улар орқали 13 543 нафар Ўзбекистон фуқароси мамлакатга олиб келинган.

Фото: “Дарё” / Мадина Нурман

Шунингдек, Дубай аэропортидан бажарилган 9 та рейс орқали яна 1 401 нафар фуқаро Ўзбекистонга қайтарилган. Хорижий авиакомпаниялар томонидан амалга оширилган қўшимча парвозлар орқали ҳам юзлаб йўловчилар мамлакатга етказилган.

Исроил элчиси Эрон таҳдиди ҳақида гапирди

Исроилнинг Ўзбекистондаги элчиси Гидеон Лустиг 3 март куни ўтказилган матбуот анжуманида Яқин Шарқдаги кескинлашган вазият юзасидан мамлакатининг позициясини баён қилди.

Дипломатнинг айтишича, АҚШ ва Исроил томонидан олиб борилаётган қўшма операция минтақада юзага келган таҳдидларни бартараф этишга қаратилган. У Исроил Эрон томонидан доимий ва тўғридан тўғри хавф остида эканини таъкидлади.

Фото: Исроилнинг Ўзбекистондаги элчихонаси

Элчига кўра, Эроннинг Исроилга қарши фаолияти уч асосий йўналишда олиб борилмоқда. Булар — ядровий дастур, баллистик ракеталар ишлаб чиқиш ҳамда Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган қуролли гуруҳлар орқали амалга оширилаётган ҳаракатлардир.

“Ҳизбуллоҳ” Исроил шаҳри аҳолисини эвакуацияга чақирди

Ливандаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати Исроил шимолидаги Кирят Шмона шаҳри аҳолисини эвакуация қилишга чақирди.

Баёнотда шаҳар аҳолиси зудлик билан уйларини тарк этиб, жанубга қараб йўл олиши сўралган. Бироқ ушбу ҳудудга нисбатан қандай аниқ чоралар кўрилиши режалаштирилгани очиқланмаган.

Фото: AFP

Аввалроқ “Ҳизбуллоҳ” томонидан Исроил ҳудудига ракета ва дронлар учирилгач, Исроил армияси Ливаннинг жанубий ва шарқий ҳудудлари ҳамда Байрут яқинига кучли ҳаво зарбалари берган эди.

Navoiydanman. Jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining Internet jurnalistika yoʻnalishini tamomlaganman. “Daryo”da 2026-yildan buyon Mahalliy xabarlar boʻlimida muharrir sifatida faoliyat yuritib, yangiliklar va jamlanmalar yozaman. Zemekisning “Forrest Gamp” filmini 20 martadan koʻproq tomosha qilganman. Kafkaning “Qalʼa” romanini qayta-qayta oʻqiyman.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар